Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 603-мактабгача таълим муассасасига киришимиз билан бизни жўшқин кайфиятдаги болажонлар қарши олди. Уларнинг аксарияти эртак қаҳрамонлари образида: айиқ болалари, ниначи, чумоли, тулки, турна, "Қизил қалпоқча"... 

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида мазкур муассасада ўтказилган «Хайр боғча, салом мактаб!» маънавий-маърифий тадбирига ота-оналар, маҳалла фаоллари, педагоглар таклиф қилинди. 

Тадбирда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш борасидаги ишлар болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги "2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бунда дастуриламал бўлмоқда. 

Учтепа туманидаги 603-мактабгача таълим муассасасида икки юздан зиёд ўғил-қиз тарбияланмоқда. Рус, инглиз тиллари, рақс, шахмат-шашка, гимнастика тўгараклари болажонлар вақтини янада мазмунли ўтишини таъминлаётир. Жорий йилда муассасани 30 ўғил-қиз тамомлаб, умумтаълим мактабларининг биринчи синфига қабул қилинади. 

– Қизларим Дилшода ва Мумтозабегим шу даргоҳда тарбияланади, – дейди Гулзода Иброҳимова. – Мактабга тайёрлов гуруҳида олган сабоқлари Дилшоданинг мактабга осон мослашишига, дарсларни ўзлаштиришига ёрдам беради, деб ўйлайман. 

Тадбирда турли викторина ўйинлари ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантирилди. Болалар ижросида Ватанни мадҳ этувчи шеър-қўшиқлар, мақол ва ҳикматли сўзлар, турли саҳна кўринишлари барчага қувонч улашди.