Қашқадарёда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” мавзусида тарғибот тадбирлари ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мудофаа вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбини турли мафкуравий-маънавий таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилиш, ёшларда мустаҳкам ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позицияни шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. 

Таниқли адиблар, кино ва театр актёрлари, шоир ва ёзувчилар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, “Ниҳол” мукофоти совриндорларидан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари, спорт, маданият ва санъат масканлари, меҳрибонлик ва мурувват уйлари, ҳарбий қисм ва маҳаллаларда бўлиб аҳоли билан учрашди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли асарида илгари сурилган ғоялар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари, ҳаётимизда юз бераётган улкан ўзгаришлар учрашувларнинг асосий мавзуси бўлди. 

Шаҳрисабз туманида ўтказилган тарғибот тадбирларида аҳоли, айниқса, ёшлар фаол иштирок этди. 

– Президентимизнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли китобининг мазмун-моҳияти ва унда илгари сурилган ғоялар ҳаётий мисоллар асосида содда тилда тушунтирилди, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази Шаҳрисабз тумани бўлими раҳбари Шаҳло Тоғаева. – Бундай тадбирлар ёшлар қалбида ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини юксалтириш билан бирга, уларда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.