“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори томонидан 2017 йил 5 январда тасдиқланган “2017 йил 2-ярим йилликда вилоятлардаги шаҳар ва туманларда жисмоний ва юридик шахсларни сайёр қабули жадвали”га асосан, жорий йилнинг 26 май куни “Ўзстандарт” агентлиги Матбуот ва ахборот-таҳлил котибияти мудири А.Ғ.Расулов ҳамда “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасининг директор ўринбосари А.П.Мустафаевнинг Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи жисмоний ва юридик шахслар билан “Сайёр қабул” учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда Сирдарё вилояти Божхона бошқармаси, Сирдарё вилоят Солиқ бошкармаси, Сирдарё ДСЭНМ, Сирдарё вилоят Гулистон шахар ДТ Халқ банки, Гулистон шахар ТИФ Миллий банк, Сирдарё СМБ бошлиғи ва ходимлари, “Сирдарё ССМ” ДК директори ва бўлим бошлиқлари, Гулистон шахрида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, қўшма корхоналар вакиллари, кичик ва ўрта бизнес субъектлари, МФЙ вакиллари ва жисмоний шахслар иштирок этишди.

А.П.Мустафаев сўзга чиқиб, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан фуқароларнинг давлат идораларига мурожаат қилиши, мақсад-муддаоларини амалга оширилишини таъминлайдиган тизим яратилаётганлиги, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани, маҳаллий хокимликларда “халқ қабулхоналари”, вазирлик ва идораларда виртуал қабулхоналар ташкил этилгани ана шу мақсадга хизмат қилаётганлигини гапириб ўтди.

Сўнгра “Ўзстандарт” агентлиги Матбуот ва ахборот-таҳлил котибияти бошлиғи А.Расулов сўз олиб ўз сўзида “Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, экспортда фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иштирокини хар томонлама рағбатлантириш” йўналишида Хукуматимиз томонидан кенг қамровли ишлар олиб борилётганлиги, жумладан 2016 йилнинг 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сонли Фармони шу ислоҳотларнинг узвий давоми эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-2750-сон ва 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлашриш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2935-сонли қарорлари қабул қилиниши тадбиркорликни ривожлантиришда мухим ахамият касб этишини гапириб ўтди.

Шундан кейин сайёр қабул учрашуви қатнашчиларига Сирдарё стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда “Сирдарё синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси фаолияти, улар томонидан    кўрсатилаётган хизматлар тўғрисидаги видео-ролик намойиш этилди .

Сирдарё стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи Б.Хамракулов сўзга чиқиб, бошқармада бугунги кунда стандартларни текшириш ва назорат қилиш ҳамда ўлчовларни ягона бирликда бўлишини таъминлаш, алкогол махсулотлари сифати бўйича давлат инспекторлари, меъерий хужжатларни экспертизаси ва уларни рўйхатдан ўтказиш ва бошқарманинг норматив ҳужжатлари Давлат фонди юритилаётганлиги, ишлаб чиқарувчилар ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини доимий равишда меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида Ахборот-маълумот консультатив марказлари ташкил этилганлиги, тадбиркорлар учун электрон кутубхона ташкил этилиб, чет эл, Давлат ва халқаро стандартлар талабларини бепул ўрганишлари мумкинлигини таъкидлади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш, уларга стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларида қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказиб борилаётганлиги, экспортёр корхоналар билан амалий кўмак бериш режаларини тузиш ва келишиш ишлари якунланаётганлигини  таъкидлаб ўтди.

“Сирдарё синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси директори Ж.Шакаров сўзга чиқиб, марказда яратилган барча қулайликлар, унинг таркибидаги бўлимлар, сертификатлаштириш идоралари, синов ва қиёслов лабораториялари томонидан аҳоли, тадбиркорлар ва кичик бизнес вакилларига кўрсатилаётган хизматлар турлари ҳақида айтиб ўтди. Бугунги кунда марказда махсулотларни сертификатлаштириш бўйича идора фаолият кўрсатаётганлиги ва унинг аккредитация доираси барча маҳсулотларга кенгайтирилганлигини таъкидлади. Шунингдек, сифатни бошқариш тизимларини сертификатлаштириш идораси фаолият юритаётганлиги ва хозирги кунда идора аккредитация доирасини озиқ-овқат махсулотлари сифати ва хавфсизлиги (ISO 22000) ҳамда энергия тежамкорлик (ISO 50001) менежмент тизимларини сертификатлаштириш сохасига кенгайтириш ишлари олиб борилаётганлигини айтиб ўтди.

Йиғилиш сўнгида иштирокчиларга, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, сифат тизими тўғрисидаги буклетлар тўпламлари тарқатилди ва иштирокчиларнинг сохага оид қизиқтирган саволларига жавоб берилди.