Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида молия назорати, ички ва ташқи аудит институтларини янада мустаҳкамлаш ҳамда коррупцияга қарши курашишда уларнинг иштирокини фаоллаштиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва Ўқув маркази, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу борада қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлайдиган институционал ва ҳуқуқий асослар шакллантирилди, коррупцияга қарши самарали тизим фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, 2017-2018 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури ҳам тасдиқланди. 

Бугунги кунда Ҳисоб палатаси ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар билан ҳамкорликни кенгайтириб, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни биргаликда текширувлар сонини оширди. 

Давра суҳбатида бюджет ташкилотлари фаолиятини назорат текширувларининг натижалари тақдим этилди. 2016 йилнинг ўзида 3,1 мингта бюджет ташкилотининг молиявий фаолияти текширилди. Аниқланган айрим тоифадаги молиявий ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, ойлик иш ҳақи устамаси, пенсия ва нафақалар, ўтказиладиган тендер савдолари билан боғлиқ тез-тез учраб турадиган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ҳам сўз юритилди. 

Тадбирда коррупция ва молиявий жиноятларга қарши курашиш чораларини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.