Мамлакатимизда туризм индустриясини янада ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Мазкур ҳужжатлар ижросига Қашқадарё вилоятида ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ҳудудда туризмни янада ривожлантиришнинг яхлит концепциясини ишлаб чиқиш, ҳудудларда янги туризм маҳсулотлари яратиш ва уни жаҳон бозорида тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Соҳа ривожида халқаро тажрибадан кенг фойдаланиш, ҳудудларда янги туризм йўналишлари ташкил этиш ва уларни паспортлаштириш, ички ва ташқи туризм бўйича миллий ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. 

– Вилоятимизда туризмни ривожлантириш учун юксак салоҳият мавжуд, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ваколатли вакили Отабек Олимжонов. – Бой маданий меросга эга ҳудудда муқаддас қадамжолар, қадимий обидалар ва экотуризмни ривожлантириш учун қулай манзиллар кўп. Вилоятда ҳудудий туристик маҳсулотларни хориж бозорига чиқариш, табиий ва тарихий-маданий манзиллар бўйича янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқиш, туристик хизматлар сифатини янада яхшилаш доимий эътиборда. 

Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида барпо этилган замонавий уй-жойлар ҳунармандлар ва тадбиркорларга узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида берилмоқда. Икки қаватли бундай уй-жойларнинг биринчи қаватида ҳунармандлик маҳсулотлари сотиладиган савдо мажмуалари, иккинчи қаватида уй-меҳмонхоналари ташкил этилаётир. 

Туризмни янада ривожлантириш учун кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. "Шаҳрисабз вино-ароқ” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда Китоб тумани токзорларида олий навли узум маҳсулоти бўлган вино дегустациясини ташкил қилиш орқали агротуризмни ривожлантириш, экстремал туризм соҳасида Муборак туманидаги чўлларда квадроциклларда сафар уюштириш, тарихий-маданий туризм бўйича Шаҳрисабз шаҳри марказида “Зафарли юриш” ва “Шоҳ базми” театрлаштирилган томошаларини мунтазам ташкил этиш, улоқ-кўпкари мусобақаларини Китоб туманининг Қайнар қишлоғида йил давомида мунтазам ўтказиш лойиҳалари шулар жумласидандир. 2017 йилнинг август ойида ўтказилиши режалаштирилган "Ҳунармандлар фестивали” ҳам вилоятда туризмни ривожлантиришга хизмат қилади. 

Экотуризмни ривожлантиришда Шаҳрисабз туманида қурилаётган “Village Eco Park” мажмуаси муҳим аҳамиятга эга. Мазкур лойиҳа меҳмонхона, ресторан, кафе, спорт майдончалари ва аттракционларни ўз ичига олади. Мажмуа 2018 йилда фойдаланишга топширилади. 

Вилоятда туристик ресурслардан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан яратилган имконият ва имтиёзлар туфайли Қашқадарёда 30 меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Йилдан-йилга уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замон талаблари даражасида юқори сифатли хизмат кўрсатиш имконияти кенгаймоқда. 

Қашқадарё вилояти туризм соҳасини 2017-2018 йилларда комплекс ривожлантириш дастури асосида 2018 йилда вилоятдаги меҳмонхоналар сонини 45 тага етказиш режалаштирилган. Жумладан, Қарши шаҳрида 8 янги замонавий меҳмонхона, Шаҳрисабз шаҳрида 5 уй-меҳмонхонаси ва 2 янги замонавий меҳмонхона фаолият бошлайди. 

Буларнинг барчаси вилоятга келувчи сайёҳлар сонининг ортиши, энг муҳими, аҳоли бандлигини таъминлаш ва келажакда Қашқадарё вилоятини сайёҳлар, тарихчи олимлар ва зиёратчилар кўп келадиган севимли масканга айлантиришга хизмат қилади.