Президент Шавкат Мирзиёевнинг 1 июндаги қарори билан Ўзбекистонда ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилди. Қарор лалми ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш ва самарадорлигини янада ошириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош бўлган ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳисобига замонавий ёнғоқ плантацияларини барпо қилиш ҳамда ёнғоқ етиштириш бўйича илмий асосланган усуллар ва интенсив технологияларни кенг жорий этишга йўналтирилган.

   Sag agro ва Sam antep gilam компаниялари, Ёнғоқчилик илмий-тадқиқот маркази, ёнғоқ логистика маркази, «Sag agro МТП», шунингдек, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги ҳудудий «Ёнғоқагро» МЧЖлари уюшма муассислари ҳисобланади.

   Қарор билан 2017−2021 йилларда ёнғоқ етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. У қуйидаги босқичларни ўз ичига олади: 2017−2019 йиллар — ёнғоқ кўчатларини республикага олиб келиш, 2018−2019 йиллар — ёнғоқни пайвандлаш учун пайвандтагларни келтириш, 2020 йил — лаборатория шароитида ёнғоқнинг тегишли минтақа табиий-иқлим шароитларига мос юқори ҳосилдор навларини ишлаб чиқариш, 2018−2020 йиллар — ёнғоқ етиштириш ва уни ички ҳамда ташқи бозорда сотишни йўлга қўйиш.

   Ёнғоқ дарахти кўчатларини ўтқазиш учун чет эллик мутахассислар билан биргаликда Андижон, Қашқадарё, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида табиий-иқлим шароитлари ва тупроқ таркиби бўйича ёнғоқ кўчатларини экиш учун қулай, умумий майдони 10 минг гектаргача бўлган ер участкаларини ажратиш режалаштирилган.

   Ёнғоқ плантацияларини барпо этиш бўйича лойиҳалар учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитларини жалб қилиш ҳисобига 50 миллион АҚШ долларигача бўлган миқдорда кредит маблағлари ажратилади. Уюшма иштирокчилари учун 2020 йилга қадар четдан олиб келинадиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган томчилатиб суғориш ускуналари, махсус қишлоқ хўжалиги техникалари, ёнғоқ кўчатлари, пайвандтаглари, пайвандустлари, оналик материаллари божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод этилади.