Ўзбекистон техник жиҳатдан
тартибга солиш агентлиги

ФУҚАРОЛАРНИНГ  МУРОЖАAТЛАРИ

Fuqarolarning murojaati



Низомни юклаб олиш  (pdf, 75Kb) 

 

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг 2015 йил “_21_”_12_даги _2_ - сонли мажлиси баёнига асосан маъқулланган

 

“Ўзстандарт” агентлигининг

2015 йил “_29_” __06___даги

 _319_ - сонли буйруғига  илова

Тадбиркорлик субъектларида ўтказилган профилактикаишларининг самарадорлиги асосида
“Ўзстандарт” агентлигининг ҳудудий стандартлаштириш ва метрология бошқармалари
фаолиятини баҳолаш мезонлари тўғрисидаги

НИЗОМ

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиншни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4725-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 августдаги 373-сонли “Ўзбекистон давлат стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги тузилмасини такомиллаштириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 17 январдаги “Алкоголли маҳсулотлар сифати бўйича давлат инспекцияси фаолияти масалалари тўғрисида”ги 13-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон стандартлаш, метрология ва сертификация агентлиги ҳузуридаги Алкоголли маҳсулотлар сифати бўйича давлат инспекцияси тўғрисида”ги Низомиларига мувофиқ ишлаб чиқилиб, тадбиркорлик субъектларида ўтказилган профилактика ишларининг самарадорлиги асосида “Ўзстандарт” агентлигининг ҳудудий стандартлаштириш ва метрология бошқармалари (кейинчалик матнда – ҳудудий бошқармалар деб юритилади) фаолиятини баҳолаш тартибини белгилайди.

Тадбиркорлик субъектларида (ишлаб чиқариш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш ва савдо саноат соҳаларида фаолият кўрсатувчи) профилактика ишлари улар томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларга киритилаётган ўзгартиришларни тушунтириш ҳамда ушбу субъектлар томонидан юқорида қайд этилган амалдаги қонунчиликда белгиланган талабларини бузилишини олдини олиш, улар фаолиятидаги камчиликларни текшириш ўтказишгача бартараф этилишини таъминлаш мақсадида ўтказилади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларида профилактика ишлари ҳудудий бошқармалари томонидан ташкил этиладиган “Очиқ эшиклар куни», семинар ва бошқа тадбирлар орқали ёки “Ишонч телефонлари”, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиш орқали ўтказилиши мумкин.

Ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказиладиган профилактика ишларини ташкил этилиши ва ўтказилиши ҳамда уларнинг самарадорлиги қуйидаги тартибда баҳоланади:

  1. Тадбиркорлик субъектларида профилактика ишларини ташкил этилиши ва ўтказилиши.
  2. Профилактика ишларининг самарадорлиги.
  3. Тадбиркорлик субъектларида ўтказилган профилактика ишлари самарадорлиги асосида ҳудудий бошқармалари фаолиятини баҳолаш.

I. Тадбиркорлик субъектларида профилактика ишларини ташкил этилиши ва ўтказилиши бўйича.

Ҳудудий бошқармаларда томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказилган профилактика ишлари қуйидаги кўрсаткичлар асосида баҳоланади:

1. Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш қонунчилигига доир қонун ҳужжатлари талабларини тушунтириш юзасидан оммавий ахборот воситаларида қилинган чиқишлар сони:

  • телевидение, радио ва матбуотда қилинган чиқишлар сони ҳар бир ҳудудий бошқармага ўртача 5 та ва ундан кўпни ташкил этган бўлса – 5 балл;
  • телевидение, радио ва матбуотда қилинган чиқишлар сони ҳар бир ҳудудий бошқармага ўртача 3 тадан 5 тагачани ташкил этган бўлса - 3 балл;
  • телевидение, радио ва матбуотда қилинган чиқишлар сони ҳар бир ҳудудий бошқармага ўртача 3 тадан камни ташкил этган бўлса - 1 балл.

2. «Очиқ эшиклар куни» тадбирларини ташкил этиш орқали профилактика ишларини ўтказиш:

  • ташкил этилган «Очиқ эшиклар куни» орқали қабул қилинган мурожаатларнинг 70 фоизидан кўпи ечимини топган бўлса - 5 балл;
  • ташкил этилган «Очиқ эшиклар куни» орқали қабул қилинган мурожаатларнинг 30 фоизидан 70 фоизигача ечимини топган бўлса - 3 балл;
  • ташкил этилган «Очиқ эшиклар куни» орқали қабул қилинган мурожаатларнинг 30 фоизигача ечимини топган бўлса - 1 балл.

3. Тадбиркорлик субъектлари ўртасида семинар, тушунтириш ишлари ва давра суҳбатлари ташкил этилиши орқали профилактика ишларини ўтказилиши:

  • ташкил этилган семинарларда тадбиркорлик субъектларининг 50 фоизидан ортиғи қамраб олинган бўлса - 5 балл;
  • ташкил этилган семинарларда тадбиркорлик субъектларининг 20 фоиздан 50 фоизигача қисми қамраб олинган бўлса - 3 балл;
  • ташкил этилган семинарларда тадбиркорлик субъектларининг 20 фоизгача қисми қамраб олинган бўлса - 1 балл.

4. Тадбиркорлик субъектларининг ҳудудий бошқармалари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари акс этган тарқатма материаллар билан таъминланиши:

  • тадбиркорлик субъектларининг 75 фоиздан ортиқ қисми тарқатма материаллар билан таъминланган бўлса – 5 балл.
  • тадбиркорлик субъектларининг 50 фоиздан 75 фоизгача қисми тарқатма материаллар билан таъминланган бўлса – 3 балл.
  • тадбиркорлик субъектларининг 50 фоизигача қисми тарқатма материаллар билан таъминланган бўлса – 1 балл.


II. Тадбиркорлик субъектларида ўтказилган профилактика ишлари самарадорлиги.

5. Тадбиркорлик субъектларида стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш қоидалари устидан ўтказилган назоратда аниқланган камчиликларнинг белгиланган муддатда бартараф этилиши.

Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш қоидалари устидан ўтказилган назоратда аниқланган камчиликларнинг бартараф этилиши даражаси:

  • ҳисобот даврида стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш қоидалари устидан ўтказилган назоратда агентлик ваколати доирасидаги амалдаги қонунчилиги бузилиши аниқланган тадбиркорлик субъектлари сонига нисбатан камчиликларни бартараф этиш даражаси 81 фоиз ва ундан юқори бўлса - 5 балл;
  • ҳисобот даврида стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш қоидалари устидан ўтказилган назоратда камчиликларни бартараф этиш даражаси 60 фоиздан 80 фоизгача бўлса - 3 балл;
  • ҳисобот даврида стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш қоидалари устидан ўтказилган назоратда камчиликларни бартараф этиш даражаси 60 фоиздан кам бўлса – 0 балл.

6. Тадбиркорлик субъектларида ўтказилган режадан ташқари текширишлар сонининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўзгариши.

  • режадан ташқари текширишлар сони камайган бўлса - 5 балл;
  • режадан ташқари текширишлар сони ўзгармаган бўлса - 3 балл;
  • режадан ташқари текширишлар сони ошган бўлса – 0 балл.

7. Тадбиркорлик субъектларида ўтказилган режали текширишлар натижалари тадбиркорларнинг тугатилиш даражасига олиб келмаслиги.

          Охирги бир йил давомида текшириш ўтказилган тадбиркорлик субъектларидан:

  • тугатилган тадбиркорлик субъектлари бўлмаса - 5 балл;
  • 2 тагача тадбиркорлик субъектлари тугатилган бўлса - 3 балл;
  • 3 таси ва ундан ортиқ субъектлар тугатилган бўлса – 0 балл.

8. Ўтказилган текширишларда тадбиркорлик субъектлари томонидан стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш қонунчилиги бузилиши ҳолатлари камайишига эришиш:

  • ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 70 фоиздан кўпга камайган бўлса – 5 балл;
  • ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоиздан кўпга камайган бўлса – 3 балл;
  • ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизгача камайган бўлса – 1 балл.

9. Ҳудудий бошқармалари фаолияти устидан тадбиркорлик субъектлари томонидан келиб тушган шикоятлар сонининг ўзгариши:

  • ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 70 фоиздан кўпга камайган  бўлса – 5 балл;
  • ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоиздан 70 фоизгача камайган бўлса – 3 балл;
  • ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизгача камайган, камаймаган ёки ошган бўлса – 1 балл.

 

III. Тадбиркорлик субъектларида ўтказилган профилактика ишлари самарадорлиги асосида ҳудудий бошқармалари фаолиятини баҳолаш.

Тадбиркорлик субъектларида ўтказилган профилактика ишлари самарадорлиги асосида ҳудудий бошқармалари фаолияти ҳар чорак якуни билан “Ўзстандарт” агентлигининг Стандартлаштириш, давлат назоратини мувоифлаштириш ва ахборот технологияларини жорий этиш бошқармаси  томонидан иловадаги жадвал шаклида умумлаштириш йўли билан баҳоланиб борилади.

Баҳолаш натижаларига кўра энг паст кўрсаткичларни қайд этган ҳудудий бошқарма бошлиғи ва масъул ходимларига тегишли чоралар белгиланиши ҳамда энг яхши натижаларга эришган ва юқори баҳо олган ҳудудий бошқарма бошлиғи ва масъул ходимларига рағбатлантириш чоралари кўрилиши мумкин.

“Ўзстандарт” агентлик томонидан ўтказилган баҳолаш натижалари бўйича иловадаги жадвал шаклида маълумот ва энг паст кўрсаткичларни қайд этган ходимларга нисбатан кўрилган чоралар тўғрисидаги ахборот ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 10 санасига қадар Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ишчи органига юборилади.