Навоийда Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. 

Вилоят ҳокимлиги ва вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Навоий вилояти иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси, халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармаларининг айни йўналишдаги ишлари бўйича ахборотлари тингланди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишларни янада чуқурлаштиришга оид аниқ йўналишларни ўзида мужассам этган муҳим ҳужжатдир. Стратегия давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, ижтимоий-иқтисодий соҳани янада ривожлантириш ва либераллаштириш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ўзаро манфаатли ташқи сиёсат юритишда муҳим механизмларни ишлаб чиқишга хизмат қилмоқда. 

– Инсон манфаатлари ва давлат тараққиётига хизмат қиладиган қонунлар мукаммаллигини таъминлаш ва унга итоат этиш борасида ҳаётий таклифлар ишлаб чиқилиб, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари кучайтирилмоқда, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Баҳронов. – Масалан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлари лойиҳасига таклифлар берилди. Бошқармамиз томонидан хорижий давлатларнинг тажрибаси чуқур ўрганилган ҳолда, миллий қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунининг яхлит лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар ва ислоҳотлар самарасидир. 

Тадбирда вилоятда иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни янада ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, 2016-2017 ўқув йилида касб-ҳунар коллежини битирган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга 6 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган. Жойларда ичимлик суви, газ ва электр энергиясига бўлган талаб ўрганилиб, муайян амалий чора-тадбирлар кўрилган. 

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ҳам чуқур таҳлил этилди. Хусусан, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати, патронаж ишлари яхши йўлга қўйилгани туфайли беморларга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатилиб, сурункали касалликлар бартараф этилмоқда. 

Таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, уларни турли ёт ғоялардан асраш мақсадида “Диний экстремизм ва терроризм – ёшлар келажагига таҳдид”, “Ёшлар диний экстремизмга қарши”, “Ислом дини терроризмга қарши” мавзуларида тарғибот тадбирлари ўтказилган. 

Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди. 

 

ЎзА