«ЎЗСТАНДАРТ» агентлиги

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология
ва сертификатлаштириш агентлиги
ФУҚАРОЛАРНИНГ  МУРОЖАТЛАРИ

Fuqarolarning murojaati



Истеъмолчилар томонидан ҳисоблагичларни қиёслаш билан боғлиқ кўп бериладиган саволларга жавоблар

Истеъмолчилар томонидан тез-тез бериладиган саволлар булар – ҳисоблагичлар ва уларни қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисида бўлади. Ушбу саҳифа орқали мурожаатларда кўп учрайдиган саволларга Ўзбекистон миллий метрология институти мутахассислари жавоб берадилар.

1. Ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш қай тартибда амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 698-сон қарорига асосан, энерго ресурсларни (электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни) ҳисобга олиш ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали амалга оширилиши белгиланган.

2. Ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Ҳисоблагични ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилиш (20 дақиқа ичида) ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтиш (автоматик тарзда) йўли билан.

3. Қиёслашдан ўтказиш учун ҳисоблагич ким томондан ечиб олинади?

Ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олиш ишлари фақатгина таъминотчи корхона (таъминотчилар: электр энергия бўйича - Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси, табиий газ бўйича - Ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари, сув бўйича - Ичимлик ва иссиқ сув таъминотчи корхоналар) ва Бюро мутахассислари томонидан амалга оширилади.

Изоҳ: Зинхор ўзингиз ёки бошқа бир монтёрга ечтира кўрманг!

4. Ҳисоблагичларни ечиш тартиби қандай?

Истеъмолчи билан келишилган вақтда, унинг иштирокида тегишли далолатнома тузган ҳолда ҳисобга олиш ускунасини ечиб олинади.

5. Ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш ким томондан амалга оширилади?

Қиёслаш ишлари Ўзбекистон миллий метрология институт ва унинг худудий филиалларининг махсус лабораторияларида фақатгина таъминотчи корхоналар ходимлари томонидан олиб келинган тақдирдагина амалга оширилади.

Изоҳ: Ечиб олинган ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш учун ўзингиз олиб борманг!

6. Ҳисоблагич яроқсизлиги ҳақида хабарнома расмийлаштирилган холларда нима бўлади?

Юқорида айтиб ўтилган қарор бўйича ҳисоблагич яроқсизлиги ҳақида хабарнома олинган тақдирда таъминотчи корхона ҳисоблагични 3 иш кунида таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш чорасини кўради. Ҳисоблагични таъмирлаш ёки янгисига алмаштиришга доир сарф-харажатлар таъминотчи корхона томонидан қопланади. Таъмирланган ҳисоблагич таъминотчи корхона томонидан икки иш кунида уни қайта қиёслашдан ўтказиш учун Ўзбекистон миллий метрология институтига тақдим этилиши лозим.

7. Ҳисоблагични ўрнатиш ким томондан ва қандай амалга оширилади?

Истеъмолчи билан келишилган вақтда сўровномада кўрсатилган манзилга бориб, ҳисоблагични ўрнатиб бериш ва уч нусхада тегишли далолатнома тузган ҳолда тамғалаш, далолатноманинг бир нусхасини истеъмолчида қолдириши белгиланган. Буларни барчаси таъминотчи корхоналар ва Бюро томонидан амалга оширилади.

8. Ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун тўланадиган ҳақлар қанча?

Маъмурий регламентга кўра, электр энергияси ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш бепул. Бироқ, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 % (бугунги кунда 44 680 сўм) миқдорида йиғим кўзда тутилган.

Юридик шахслардан мазкур хизматни кўрсатганлик учун барча турдаги ҳисоблагичлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари (бугунги кунда 334 500 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

9. Хизматларни бажариш муддатлар қанча?

Ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш учун мурожаат берилгандан сўнг ечиб олиб кетиш - 5 иш куни мобайнида;

Ечиб олинган ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш - 3 иш куни мобайнида;

Қиёслаш ишлари якунланган ҳисоблагични олиб кетиб, ўрнатиб бериш - 5 иш куни мобайнида.

10. Белгиланган муддат ичида ишлар амалга оширилмаган тақдирда, истеъмолчи жавобгар бўладими?

Аҳоли томонидан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисоблагичларини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича Давлат хизматлари марказлари ва электрон шаклда ўз вақтида берилган аризалар бўйича таъминотчи корхоналар томонидан белгиланган муддатда кўриб чиқилмаганлиги учун истеъмолчилар жавоб бермайди!

11. Ҳисоблагичларни қиёслаш даврийлиги қанча?

Жисмоний шахслар учун - 8 йил;

Юридик шахслар учун - 4 йилни ташкил этади.

Изоҳ: Ҳисобга олиш ускуналарига 2019 йил 1 ноябрга қадар расмийлаштирилган қиёслаш сертификатларининг амал қилиш муддати ўз кучида қолади.

12. Қиёслаш муддати келганлиги ҳақида огоҳлантириш кимни вазифаси? Қиёслаш муддати ўтган ҳисоблагич эгасига нисбатан жарима тўлови борми?

Таъминотчи корхона ҳисоблагичларни даврий қиёслашдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин истеъмолчи ҳисоблагичини даврий қиёслашдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантиради.

Истеъмолчининг таъминотчи корхона томонидан белгиланган муддатда расмий равишда огоҳлантирилмаслиги ҳисоблагични ўз вақтида қиёслашдан ўтказмаганлик учун айбдорликни келтириб чиқармайди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон миллий метрология институти, юртдошларимиздан қонунчиликка асосланган ҳолда, ўз хақ-ҳуқуқларини билишларини сўрайди.

Қўшимча равишда, қарорнинг тўлиқ матнини Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси www.lex.uz сайтидан олиш мумкин.