Деҳқон бозорларда фойдаланилаётган ўлчаш воситалари Ўзбекистон Республикаси “Метрология тўғрисида” ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил  28 августдаги  253-сонли “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрсида” ги қарори 1-иловаси 15-бандларига асосан давлат метрологик текширувидан ўтказилиши лозим.

Минг афсуски, бугунги кунда, Пойтахтимиздаги “Аския”,“Чилонзор деҳқон бозори”, “Наврўз деҳқон бозори” ҳамда “Қора-Қамиш” деҳқон бозорларига тегишли бўлган тарози ва тарози тошлари ҳамда назорат тарозилари ҳам давлат метрологик текширувидан ўтказилмасдан фойдаланилмоқда.

Бу эса “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 8-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сонли “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрсида” ги қарори талабларининг қўпол равишда бузилишига олиб келмоқда.

Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак,режага асосан Тошкент шаҳри ҳудудидаги 13 та бозорларни 1290 дона замонавий электрон тарозилар билан таъминлаш белгиланган бўлсада,ҳозирги кунгача 495 дона харид қилинган холос.

Белгиланган режа эса атига 38 фоиз бажарилганлигини қандай изоҳлаш мумкин.

Ачинарли томони шундаки, Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида тарозиларнинг етишмаслиги оқибатида сотувчилар давлат қиёслаш кўригидан ўтказилмаган шахсий тарозилардан фойдаланишларига йўл қўйилмоқда.

Жумладан, “Авиасозлар”да 83 дона, “Аския”да 40 дона, “Чилонзор”да 47 дона, “Навруз”да 115 дона, “Олой” бозорида 55 дона, “Сирғали”да 126 дона, “Фарход”бозорида эса 691 дона, “Эски жува”да 130 дона, “Юнусобод” бозорида 82 дона, “Қўйлиқ”да 225 дона, “Қора-қамиш” бозорида 40 дона. Жами 1634 дона тарозилар ноқонуний ҳолда фойдаланилмоқда.

Мазкур ҳолатларга йўл қўйилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш Қоидалари”нинг 23-бандига асосан фақат бозор маъмурияти томонидан тақдим этилган тарозилар ва бошқа ўлчов асбобларидан фойдаланиш (турғун савдо шахобчаларидан ташқари) белгилаб ўтилган. Мазкур қарорнинг 66-бандига асосан эса, қоида бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан жавобгарлик белгиланган.

“Ўзстандарт” агентлиги истеъмолчиларни яна бир бор огоҳликка чақириб, бозорлардан маҳсулот сотиб олаётганларида албатта тарозиларнинг сертификатларини талаб қилишларини эслатади.