Жорий йилнинг 24 октябридан 30 октябр санасига қадар “Ўзекспомарказ” ОАЖ кўргазмали майдончаларида X-чи Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси бўлиб ўтмоқда. Ушбу ярмаркада мамлакатнинг барча тармоқлари ва етакчи корхоналари иштирок этмоқда. Иштирокчилар ўзлари ишлаб чиқараётган ёки ўзлаштирилиши режалаштирилаётган маҳсулотлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулотлар турлари ҳамда истиқболли лойиҳалари билан қатнашмоқда. Барча вилоятлар ўзларида мавжуд бўлган, бироқ ҳали талаб даражасида фойдаланилмаётган иқтисодий, молиявий, меҳнат ресурсларини ва истиқболли лойиҳаларни таклиф этмоқда.

Ушбу Халқаро саноат ярмаркаси учун “Ўзстандарт” агентлигининг стенди тайёрланган бўлиб, унда сифатни бошқариш тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, Маҳсулотни экспорт қилишга кўмаклашиш Бюроси фаолияти тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек метрология, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларида кўрсатилаётган хизматларга оид маълумотлар акс эттирилган. Ушбу ярмарка иштирокчилари ва қатнашувчилари учун “Ўзстандарт” агентлиги ва унинг корхоналари фаолияти тўғрисида мингдан ортиқ буклетлар тайёрланди.

Шу билан бирга, “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари томонидан ярмарка иштирокчилари ва қатнашувчилари учун янги маҳсулот турларига меъёрий – техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш; маҳсулотни экспорт қилишда тегишли ҳужжатларни тайёрлаш; халқаро стандартларга жавоб берадиган сифатни бошқариш тизимларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва сертификатлаштириш бўйича консултатив хизматлар кўрсатилмоқда.