Жорий  йилнинг  17 ноябрь куни  “Ўзстандарт” агентлигида Агентлик Бош директори ўринбосари раҳбарлигида менежмент тизимларига халқаро даражада тан олинадиган мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш ваколатига эга сертификатлаштириш идоралари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 октябрдаги 298-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Раёсати Мажлисининг 2015 йил 5 декабрдаги 97-а-сон баёнига мувофиқ 2016 йилда корхоналарда менежмент тизимларини жорий этиш холати, шунингдек, сертификатлаштириш идоралари томонидан олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Йиғилиш давомида республика корхоналарининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини ошириш мақсадида менежмент тизимларини жорий этишга, шу жумладан тизимни халқаро даражада сертификатлаштириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, сертификатлаштириш идоралари томонидан корхоналарда ISO 9001:2015 «Сифат менежменти тизими» и ISO 50001:2011 «Энергетик менежмент тизими» стандартларига мувофиқ менежмент тизимларини кенг жорий этиш тавсия этилди.