«Ўзстандарт»  агентлиги  томонидан  Республикамизда  халқаро стандартларни тадбиқ этишнинг долзарб масалалари ва корхоналарда халқаро сифат тизимларини жорий этишнинг афзалликларида  мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Жорий йилнинг 16 декабр куни соат 11.00 да Ўзбекистон Миллий Матбуот Марказида ташкил этилган матбуот анжуманида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори  А.Хаитов иштирок этиб,  журналистларга   танланган  мавзу юзасидан  маълумотларни  бердилар.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш  соҳасида  давлат  сиёсатини амалга ошириш ҳамда халқаро ва хорижий  давлатларнинг миллий тизимлари билан уйғунлаштириш вазифаси Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги зиммасига юклатилган.

Мустақиллик  йилларида  Стандартлаштириш, метрология,  сертификатлаштириш ва аккредитация соҳаларида “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги, “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини  ҳимоя  қилиш  тўғрисида” қонунлар қабул қилинди.

 Республикамизда “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги Қонунларининг қабул қилиниши бевосита маҳаллий  маҳсулотларни баҳолаш натижаларини тан олиш йўлидаги вазифаларнинг тўлақонли ва сифатли амалга  оширилишига замин яратди.   

Ҳукуматимиз томонидан маҳаллий маҳсулотларнинг сифати, хавфсизлиги ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган чораларига мувофиқ, мувофиқликни баҳолаш натижаларини ташқи бозорда тан олинишини таъминлаш мақсадади жадал равишда халқаро стандартларни жорий этиш, замонавий синов ва ўлчов воситаларини ташкил этиш ишларига эътибор қаратиб келинмоқда.    

 2016 йилнинг  ўзида 96 та халқаро стандартлар қабул қилинди ва ишлаб чиқаришга  тадбиқ этилди.  Жумладан  нефт-газ,  электротехника,  машинасозлик,  озиқ-овқат,  чарм-пойабзал, полиграфия ва бошқа тармоқларнинг ривожлантиришда  халқаро стандартларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

 Бугунги кунда маҳсулотларга жорий этилган халқаро стандартларнинг сони  6489 тани ташкил этиб,  миллий стандартларни  халқаро талабларга уйғунлаштириш борасида ҳам сезиларли ютуқларга эришилди.      

 Эътиборли томони шундаки, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини янада ошириш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида 2020 йилгача  Сифат  миллий  инфратузилмасини  ривожлантириш  Дастури  ишлаб чиқилди.

 Мазкур  дастур асосида, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан  синов  ва  ўлчов воситаларини  модернизация қилиш,  техник қайта жиҳозлаш, лабораторияларни халқаро даражада аккредитациядан ўтказиш, халқаро стандартлар ва сифатни бошқариш тизимларини  жорий  этиш  масаласи устивор қилиб  белгиланган.

 Истиқболли режа дастурига кўра,  2016 йилда  синов  ва  ўлчов  лабораторияларини  модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш ишлари учун   4849,2 млн. сўм  маблағ сарфланиб,   172 та  замонавий  ва  юқори  аниқликдаги  ускуналар  харид қилинди.    Бунинг натижасида  276 та янги синов усуллари,  шундан  64  таси халқаро (ИСО)  жорий  этилди.

Агентликнинг  озиқ-овқат,  енгил саноат,  электротехника ва қурилиш йўналишлари  бўйича 4 та синов лабораториялари халқаро даражада аккредитациядан ўтказилди.   “Ўзстандарт” агентлиги ўз фаолияти доирасида халқаро ҳамкорлик асосида жорий йилнинг ўзида “Тошкент синов ва сертификатлаштириш маркази” ДК дунёда ўзининг нуфузига эга бўлган  «SGS» хорижий  компанияси билан озиқ-овқат маҳсулотларининг  синовларини  ўтказиш  юзасидан  манфаатли  шартномани  имзолади.

Амалга оширилган ишлар натижасида  7  турдаги  маҳсулотларга  халқаро даражада синов баённомаларини  расмийлаштириш билан  дунёнинг 140 та давлатида  тан олинишига эришилди. Бу эса ўз навбатида юртимизда етиштирилаётган  витаминларга бой, сархил маҳсулотларимизни  жаҳоннинг  нуфузли бозорларида муносиб  ўринни   эгаллашига  замин  яратади.

Шу билан бирга,  янги 2017 йилда тизимдаги яна 4 та синов лабораторияларни халқаро даражада аккредитациядан ўтказиш режалаштирилган.  Жумладан: “Сурхондарё ССМ” ДК қошидаги озиқ-овқат маҳсулотларини,  “Бухоро ССМ” ДК қошидаги кимё маҳсулотларини, “Наманган ССМ” ДК қошидаги енгил-саноат маҳсулотларини ва “Самарқанд ССМ” ДК қошидаги машинасозлик маҳсулотларини синаш  лабораторияларидир.

Шунингдек, Республикамизнинг ишлаб чиқариш корхоналарида халқаро стандартларга  мувофиқ  менежмент  тизимларини  жорий  этиш жадал олиб борилмоқда.  2016 йилнинг ўзида мамлакатимизнинг  1079 та корхоналарида  менежмент  тизимлари жорий этилди ва сертификатлаштирилди,  ҳамда  3306  тага етказилди.          

Шунингдек  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги ПҚ-2343-сон қарорига мувофиқ энергия ҳажмини  камайтириш  бўйича  давлат  Дастурига асосан  ИСО 50001 халқаро стандарти  11 та  энергия   ҳажми  юқори корхоналарга жорий этилди.  Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил  24 апрелдаги ПФ-4720-сон фармонига мувофиқ жорий йилда 118 та акционерлик жамиятларида менежмент  тизими  жорий  этилди. 

 Агентлик тизимида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасини  мувофиқлаштириш мақсадида 30 та давлат хизматлари  интерактив кўринишга  ўтказилди.

Шу билан бирга, “Жисмоний ва юридик шахсларининг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг виртуал қабулхонаси ташкил этилди.  Қисқа вақт ичида қабулхонага 60 дан ортиқ мурожаатлар  келиб  тушди. 

 Матбуот анжумани якунида агентлик раҳбарияти журналистларга  истиқболодаги вазифалар  жумладан, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларида  амалдаги қонуний базани такомиллаштириш, миллий эталонлар базасини ривожлантириш,  метрология ва аккредитация  йўналишида  халқаро ташкилотларга аъзо бўлишкаби режалар тўғрисида маълумотларни бердилар.