Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар билимини оширди


Гулистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди. 


“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими томонидан ташкил этилган семинарда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, иқтисодчилар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари, ёшлар иштирок этди. 

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида соҳа субъектларининг самарали фаолият юритиши учун кенг имконият ва имтиёзлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Мазкур фармон ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, соҳадаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорларга кенг имконият яратиш, қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Айни пайтда вилоятда 7 минг 300 га яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. 2016 йилда тадбиркорларга тижорат банклари томонидан қарийб 50 миллиард сўмлик кредит маблағи ажратилгани натижасида 7 мингга яқин иш ўрни яратилди. Бу бозор иқтисодиётининг муҳим талабларидан бўлган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, миқдор ва сифат кўрсаткичларининг юксалишига хизмат қилди. Ички ва ташқи бозор янги маҳсулотлар билан бойиди. 

– Президентимизнинг ушбу фармони тадбиркорлик ривожида янги босқични бошлаб берди, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси ўринбосари А.Юсупова. – Бу ҳужжат соҳа субъектлари эркинлигини кенгайтириб, тадбиркорлик фаолиятига турли асоссиз аралашувларга чек қўяди ва ортиқча оворагарчилик ҳолатлари барҳам топади. Вилоятимизда 2 мингдан ортиқ хотин-қиз тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. 

Семинарда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга оилавий тадбиркорлик, касаначилик, бизнес-режа тузиш, кредит олиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби, тижорат банклари томонидан микромолиявий хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари тўғрисида атрофлича маълумот берилди. 

Манба: www.uza.uz