Президентимиз Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида “Жануб текстиль” масъулияти чекланган жамияти, “Амудар Текс” Ўзбекистон – Англия қўшма корхонаси ҳамда Шеробод туманида барпо этиладиган “SHEROBOD TEXTILE INVEST” масъулияти чекланган жамиятида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари билан танишди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларига жаҳон бозорида талаб ортиб бормоқда. Сурхон воҳасининг табиий иқлим шароити харидоргир тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган хомашё етиштириш учун жуда қулай. Вилоят миришкорлари пахта парваришида бой тажриба тўплаган. Юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, хорижий сармоядорларга қатор имтиёз ва преференциялар қўлланилаётгани тўқимачилик саноатини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, маҳаллий шароитда етиштирилган сифатли пахта толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга эътибор кучайтирилмоқда. 

“Жануб текстиль” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этиладиган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона ишга туширилиши 350 иш ўрни яратиш имконини беради. Корхонада йилига 5 минг тоннадан ортиқ ип-калава ишлаб чиқариш режалаштирилган. 

2018 йилда ишга тушириладиган “Амудар Текс” Ўзбекистон –Англия қўшма корхонаси йилига 7 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Бу ерда 300 киши иш билан таъминланади. 10 миллион доллардан ортиқ қийматдаги тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинади. 

“SHEROBOD TEXTILE INVEST” масъулияти чекланган жамиятида ўрнатиладиган замонавий технологиялар йилига 17 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имкониятини яратади. Корхона қурилишига 46 миллион доллар маблағ сарфланади. Шеробод туманининг “Сеплон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этиладиган корхона ишга туширилиши билан 700 киши иш билан банд бўлади. 

Давлатимиз раҳбари мазкур саноат корхоналари пахтани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда истиқболли лойиҳалар бўлиб, вилоят иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

Манба: ЎзА