Пухта ва аниқ мақсадли саъй-ҳаракатлар

 

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини оширишга мустаҳкам замин яратмоқда

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда уни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда истеъмол товарларини узлуксиз етказиб бериш, ички бозорда нарх-наволар сунъий кўтарилишининг олдини олиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Озиқ-овқат хавфсизлиги кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалиги ривожи билан узвий боғлиқ. Бироқ, шундай бўлса-да, аҳолини кундалик истеъмол маҳсулотлари билан барқарор таъминлашда минглаб ташкилот ва ишлаб чиқариш қувватлари ҳам ҳал қилувчи ўрин тутади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда 10 мингга яқин озиқ-овқат саноати корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 18 фоиздан кўпроқни ташкил қилади. Бунда озиқ-овқат бозорининг асосий иштирокчилари бўлган “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўздонмаҳсулот”, “Ўзвиносаноат-холдинг” компаниялари, шунингдек, хусусий ишлаб чиқариш субъектларининг салмоқли ҳиссаси бор.  Хусусан, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси соҳани ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, амалиётга хом ашёни чуқур қайта ишлайдиган сўнгги технологияларни кенгроқ жорий этиш бўйича самарали иш олиб бормоқда. Бугунги кунда унинг таркибида турли мулкчилик шаклидаги 300 дан ортиқ корхоналар фаолият юритаяпти. Мева-сабзавот, гўшт, сут, қандолат маҳсулотлари, чанқовбосди ичимликлар тайёрлашга ихтисослаштирилган мазкур субъектлар орасида “Нестле”, “Кока-Кола”, “Пепси” ва дунёга машҳур бошқа компанияларнинг шуъба корхоналари ҳам борлиги диққатга сазовор. 

Айтиш жоизки, тизимдаги корхоналар бугунги бозор талабларига тез мослашиши, ишлаб чиқаришни мобиль ташкил қила олиши билан ажралиб туради. “Молочний домик” бренди остида сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқараётган корхона фаолияти бунга мисол бўла олади. 

Гап шундаки, унинг жамоаси нафақат маҳсулот сифатини яхшилашга интилмоқда, балки маркетинг йўли билан харидорларга яқинлашиш пайидан бўлмоқда. Яъни пойтахтимиздаги 70 дан ортиқ “савдо уйча”лари орқали аҳолига творог, қаймоқ, қатиқ ва бошқа сут маҳсулотлари етказиб берилаяпти. 

— Одатда, харидор савдо мажмуаларининг сут маҳсулотлари растаси олдига келганида, қайси маҳсулотни олсам экан, дея ўйланиб қолади, — дейди “Ibragimov X.N” корхонаси директори Ҳусан Ибрагимов. — Чунки бундай маҳсулотларнинг ассортименти жуда кенг. Қолаверса, деярли барча компаниялар бир хил қадоқлаш технологияси ҳамда воситаларидан фойдалангани туфайли ташқи безаклардаги тафовутлар у даражада катта эмас. Шу сабабли жамоамизни касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларидан шакллантириб, уларнинг янгича қараш ҳамда ғояларидан унумли фойдаландик. Бу эса бизнес фаолиятимизни кенгайтиришда қўл келди. Аниқроғи, пойтахтимизда сифатли, табиий ва тоза сут маҳсулотларига тўла “сут уйча”ларининг пайдо бўлиши бирданига харидорларнинг эътиборини тортди. Савдо-сотиқни бундай шаклда йўлга қўйганимиз корхонамиз маркетингида омадли қадам бўлди.

Ички бозорда ўн йилдан ортиқ давр мобайнида муваффақиятли фаолият юритиб келаётган “Natural Juice”  масъулияти чекланган жамияти ҳам “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси таркибидаги йирик ишлаб чиқариш субъектларидан бири ҳисобланади. Дастлаб “Фруктовий сад” савдо белгиси остида харидорини топган корхона 2007 йилдан эътиборан буюртмачиларга “Сочная долина”, “Viko” брендида маҳсулотлар етказиб бера бошлади. Бундай табиий шарбатларга талаб ортиши янги цехларни барпо этиш, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга катта туртки бўлди, албатта.  

Хорижнинг энг илғор технологик линиялари билан жиҳозланган шу каби озиқ-овқат саноати корхоналарида сифат менежменти тизими жорий қилингани тайёрланаётган маҳсулотлар хавфсизлиги ва рақобатдошлиги таъминланишида муҳим омил бўлмоқда. Бинобарин, экспорт ҳажмини ошириш “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси зиммасидаги асосий вазифалардан биридир. Шу мақсадда юртимиз ҳамда хорижда ўтказилаётган кўргазма ва ярмаркаларда фаол иштирок этиш, логистика марказлари ташкил қилиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилаётир.  

Маълумки, озиқ-овқат маҳсулотларини узоқ муддат сақлаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам дунёда товарлар тақсимотида, жумладан, тез айнийдиган истеъмол товарларини тақсимлашда логистика марказларининг роли ва таъсири ғоят катта. Шу маънода, мамлакатимизда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, 2020 йилга қадар мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш бўйича 14 та савдо-логистика марказини очиш кўзда тутилгани қувонарлидир. Уларни барпо этишда маҳсулотларни сифатли ташиш, сақлаш, саралаш, калибрлаш, қадоқлаш, сертификатлаш ҳамда экспорт қилишни таъминлайдиган тегишли инфратузилма бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Соҳада олиб борилаётган ана шундай тизимли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон жуда қисқа давр ичида озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчидан экспорт қилувчи мамлакатга айланди. Ҳозирги пайтда сархил ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларимиз дунёнинг элликдан ортиқ давлатига сотилаяпти. Охирги йилларда маҳсулотларимизни импорт қиладиган давлатлар сафи АҚШ, Испания, Австрия, Польша, Италия, Япония, Швейцария ва бошқа давлатлар билан янада кенгайди. Мисол учун, Польшада Ўзбекистоннинг қуритилган ошқовоқ, анжир, ўрик ҳамда олхўри маҳсулотларига талаб катта бўлса, Корея Республикасидаги истеъмолчилар гилосимизга бўлакча меҳр қўйган, ушбу мамлакатда қовунларимиз бозори ҳам чаққон. Испанлар эса юртимизда етиштирилган бодринг, сархил салат маҳсулотларини севиб истеъмол қилишмоқда. Ловия, нўхат, ошқовоқ, қуритилган сабзи эса австрияликларда катта қизиқиш уйғотаяпти. 

Ҳиндистон  узоқ йиллардан бери ўзбек мошини мунтазам харид қилиб келади. Биргина ўтган йили мазкур мамлакатга 67 минг тоннадан ортиқ шундай маҳсулот етказиб берилди. Бу 2015 йилдагига қараганда уч баравар кўпдир. Бунда “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. “Shri Niwas Dall And Besan Mill”, “Green Field Agro”, “Avika Foods” ва “Eco Green Import&Export” сингари Ҳиндистон компаниялари билан тўғридан-тўғри шартномалар имзоланган. Дарвоқе, ушбу маҳсулотни, асосан, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятлари деҳқонлари етиштириб бераётир. Жорий йилнинг январь ойида “Ўзагроэкспорт” томонидан Ҳиндистонга 300 тонна мош экспорт қилинди. Март ойининг охирида яна икки минг тонна маҳсулот юкланиб, ушбу манзил томон жўнатилди. Бундан ташқари, ҳинд ҳамкорларимиз таклифига биноан, республикамизнинг турли ҳудудларида кейинчалик экспорт қилиш учун мошнинг янги навлари, жумладан, “Black Matpe” навини синов тариқасида етиштириш мўлжалланаяпти. 

Мазкур йўналишдаги ишлар кўлами келгусида ортиб бораверади. Негаки, биргина 2016 — 2020 йилларда мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларининг хом ашё базасини янада ривожлантириш, уларни қайта ишлашни чуқурлаштириш, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни кўпайтириш дастурига мувофиқ, 596 миллион АҚШ долларилик 180 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. 

Яқинда Москва шаҳрида бўлиб ўтган “ПродЭкспо — 2017” халқаро кўргазмасида эришилган натижалар савдо-иқтисодий соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ташкил қилиш бўйича олиб борилаётган салмоқли ишларнинг ўзига хос кўзгуси бўлди, десак, муболаға эмас. 

Гап шундаки, ушбу кўргазма доирасида Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини янги бозорларга, хусусан, Мўғулистон ва Вьетнамга етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди. Эндиликда мазкур мамлакатларга сархил ва қуритилган мева, полиз ҳамда дуккакли маҳсулотлар экспорт қилинадиган бўлди. 

Кўргазма доирасида Хитойнинг “Honkong Line Trading CO LTD”, Қозоғистоннинг “Метро Кэш Энд Керри”, Беларуснинг “Евроторг”, Россиянинг “Челни-хлеб”, “СПАР Тула”, Мўғулистоннинг “Happy Fruits” ва бошқа компаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Ушбу тадбирлар якунида жами 74 миллион АҚШ долларилик сархил ҳамда қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлар савдоси бўйича битим имзоланди.

Германия пойтахтида бўлиб ўтган “Яшил ҳафта — 2017” ярмаркаси доирасида эса 151,1 миллион долларлик шартномалар тузилди. Қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, боғдорчилик ва озиқ-овқат саноатининг энг сўнгги ютуқлари намойиш этилган йирик форумда 66 мамлакатнинг 1,6 мингдан ортиқ компания ҳамда фермер хўжаликлари қамраб олинди. Унда Ўзбекистон компаниялари ҳам муносиб иштирок этди. Мазкур нуфузли халқаро ярмаркада “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компаниялари, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти сингари ташқи савдо тузилмалари, республикамизнинг турли ҳудудларидан фермер хўжаликлари юртимиз агросаноати салоҳиятини намойиш қилишди. Она заминимизда етиштирилган болдай тотли ҳамда фойдали табиий неъматлар, шунингдек, ёғ-мой, вино маҳсулотлари, зираворлар, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари хорижлик истеъмолчиларнинг қизиқишини оширди. Ўзбекистон миллий стенди меҳмонлари мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва турфалигини алоҳида эътироф этдилар. Чунончи, юртимизнинг сархил ва қуритилган меваларидан татиб кўрган даниялик тадбиркорлар ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. Умуман, ярмарка доирасида Германия, Буюк Британия, Латвия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой, БАА ва Туркия вакиллари билан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича битимлар имзоланди.

Булар республикамизда озиқ-овқат саноатини ислоҳ қилиш, фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бераётган беқиёс самаралардан бир шингил, холос. Зеро, пухта ўйланган ва аниқ мақсадли саъй-ҳаракатлар нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки мамлакатимиз экспорт салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқаришга мустаҳкам замин яратмоқда.

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Манба: «Халқ сўзи»