Тадбирлар яхши самара бермоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни ўтказилаётган профилактика тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Сирдарё вилоятида ўтказилаётган шундай тадбирларда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва омилларни ўрганиш, олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Корхона ва ташкилотлар, маҳалла ва таълим муассасаларида тарғибот-тушунтириш ишлари, учрашувлар ташкил этилаётир. 

Сайхунобод туманида ўтказилган профилактика тадбирлари доирасида хонадонларнинг турмуш шароити ўрганилди. Улар томонидан кўтарилган масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Туман ички ишлар бўлимида муқаддам судланган шахс сифатида профилактик ҳисобда турган 37, оиласида мунтазам муаммолар бўладиган 9 фуқаро билан якка тартибда суҳбат ўтказилди. 

– Профилактика тадбирлари самарасида туманда барча турдаги жиноятлар кескин камайди, – дейди Сайхунобод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи А.Ҳайдаров. – Туман бўйича ҳисобда турган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбат, таълим муассасаларида “Давомат” тадбирлари ўтказилди, 3 минг 454 оиладаги муҳит ўрганилди. 12 паспорт-виза, учта доимий ёки вақтинча яшаш қоидалари бузилган ҳолат аниқланиб, тегишли тартибда чоралар кўрилди. Жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган қидирувдаги 1 нафар, диний экстремистик оқимларга мойил бўлган 2 шахс ва уларнинг оила аъзолари билан тезкор профилактик суҳбатлар ўтказилди, жиноят учун жазо муқаррарлиги тушунтирилди. 

Сайхунобод иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари, ота-оналар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими катта инспектори С.Хўжаназаров йўл ҳаракати қоидаларини бузиш оқибатида келиб чиққан кўнгилсиз ҳодисаларнинг оқибатлари ҳақида маълумот берди. 

Жорий йилнинг ўтган даврида йўл қоидаларининг 32 бор бузилиши, гарчанд ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баробар кам бўлса-да, таълим муассасалари, корхона, ташкилот ва маҳаллаларда бу борада ҳали кўп ишларни амалга ошириш кераклигидан далолат беради. 

Жорий йилнинг 20 апрель куни “Шодлик”, “Пахтакор” ва “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғинларида туман прокурори С.Назаров, туман ички ишлар бўлими бошлиғи А.Ҳайдаров иштирокида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Фуқаролар мурожаатларини ҳеч қандай тўсиқларсиз кўриб чиқиш, мавжуд муаммо ва ижтимоий-ҳуқуқий масалаларда аҳолига яқиндан ёрдам кўрсатиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилди. Ҳудудда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, аниқланган ноқонуний ҳаракатлар суҳбатлар жараёнида муҳокама қилинди. 

– Тадбирларда катта-кичиклигидан қатъи назар, ҳар қандай жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари кенг жамоатчилик ўртасида ҳуқуқбузарлар иштирокида муҳокама қилинаётгани жиноятчиликнинг олдини олишда яхши самара бермоқда, – дейди «Шодлик» маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори А.Турдибоев. – Масалан, Шодлик маҳалласида истиқомат қилувчи Артур Сайфулин шу маҳалланинг Равалиқ кўчасида яшовчи Ренат Давлетовга тегишли велосипедни ўғирлаб кетади. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида мулк ўз эгасига қайтарилди. Бу жиноят иши маҳалла-кўй ва Артур Сайфулиннинг яқинлари ва маҳалладошлари иштирокида муҳокама қилинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. 

Бундай тадбирлар ўз самарасини бермоқда. 

 

ЎзА