Корхоналарда ҳалқаро стандартлар асосидаги сифатни бошқариш тизимларини  жорий этиш – корхона экспорт салохиятини ошириш гаровидир

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланиши учун хусусий тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш ва республикамизда ишлаб чиқарилаётган махсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш масаласи қуйилган. Бу тадбирларни самарали амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналарида халкаро ИСО стандартлари талаблари асосида сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш бугунги куннинг долзарб масаласига айланган.

Ушбу мавзуни ёритиш мақсадида жорий йилнинг 4 май куни “Республика синов ва сертфиикатлаштириш маркази” давлат корхонаси иштирокида “Ўзбек-Турк тест маркази”да матбуот анжумани ташкил этилди. Ушбу матбуот анжуманида “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси директори Ж.Н.Шукуров, Сифат тизимларини жорий этиш бўлими бошлиғи А.Р.Расулов, “Андижон синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси менежмент тизимларини сертификатлаштириш идораси раҳбари З.А.Хамидова, “Самарқанд синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси менежмент тизимларини сертификатлаштириш идораси раҳбари Ф.Г.Шакирова иштирок этишди.

            Анжуман давомида иштирокчилар  ўзларининг презентация материаллари билан  иштирок этиб, халқаро ИСО стандартларининг жорий этилиши  мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширилишида, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни дунё бозорида рақобатбардошлилигини оширишда, хамда маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар ишончини қозонишда тутган аҳамияти ва ўрни ҳакида маълумот беришди.

Мамлакатимиз корхоналарида сифат тизимларини жорий этиб сертфиикатлаштириш ишларини муваффақиятли амалга оширишда сифат тизимларини сертификатлаштириш идоралари аҳамияти катта. Бугунги кунга келиб уларнинг сонини 27 тага етказилди, шундан 10 та сертификатлаштириш идоралари халқаро даражада аккредитациядан ўтказилган идоралар ҳисобланади.

Президентимизнинг 2017 йил 28 апрелдаги “Узбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертфиикатлаштириш агентлиги фаолитяини такомиллаштириш чоралари туғрисида”ги ПҚ2935 сонли қарорига асосан маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлаш ва савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш мақсадида 2017-2020 йилга қадар 9158 та (2017 йилда 2096 та, 2018 йилда 2216 та, 2019 йилда 2387 та ва 2020 йилда 2459 та) корхоналарда менеджмент тизимларини жорий этиш белгиланган.

Ушбу қарорнинг  мақсади стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимларини такомиллаштириш, халқаро стандарт ва техник регламентларни тизимли жорий этиш ҳамда Республика миллий эталонлар базасини ривожлантириш орқали маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда Агентлик структурасини халқаро талабларга мувофиқ шакллантиришдан иборат

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, халқаро даражада аккредитациядан ўтказилган идоралар қаторига “РССМ” ДК нинг Андижон ва Самарканд  ҳудудий синов ва сертфикатлаштириш марказлари қошида ташкил этилган сифат тизимларини сертификатлаштириш идоралари хам қўшилди.

“Самарканд ССМ” ДКнинг СМТ сертификатлаштириш идораси томонидан енгил саноат, қурилиш, мехмонхона ва ресторан хизматлари, нашриёт, молиявий воситачилик ва кўчмас мулк ижараси,  таълим соҳалари бўйича фаолият юритувчи корхоналарни ҳалқаро даражада сертификатлаштириш амалга оширилса,  “Андижон ССМ” ДКнинг СМТ сертификатлаштириш идораси  томонидан металл ва металл маҳсулотлари, транспорт воситалари, улгуржи савдо, машина ва мотоциклларни таъмирлаш ва хўжалик маҳсулотлари, жамият бошқаруви, таълим соҳалари бўйича фаолият юритувчи корхоналарни халқаро даражада сертификатлаштириш ишлари йўлга қўйилади.

Натижада ушбу корхоналар томонидан ишлаб чикарилаётган махсулотлар ва хизматлар халкаро даражада тан олинишига эришилади.

Юқорида келтирилган фикрларни давом эттирган ҳолда айтиш мумкинки, республикамизда стандартлаштириш сертификатлаштириш ва сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш соҳаларида амалга оширилаётган ислохотларнинг узлуксиз давом эттирилиши барча маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг ишлаб чиқараётган маҳсулотларини ҳалқаро миқёсда тан олинишини асосий омилларидан биридир. Инчинун, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни ҳалқаро сертификатларга эга бўлиши,  улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ҳалқаро даражада тан олиниши эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларимизни мустаҳкамлайди.