Ёшимиз ёхуд қайси соҳада меҳнат қилишимиздан қатъий назар, кўчада  барчамиз истеъмолчига айланамиз. Шундай экан кундалик ҳаётимизда бозорлар ёки йирик савдо дўконларидан маҳсулот харид қилаётганимизда албатта тарозилар билан боғлиқ  ҳолатларга дуч келамиз.

Шундай  бир жараёнда тарозиларнинг тўғри ишлаётгани, ёки бўлмаса ўз вақтида давлат қиёсловидан ўтказилганми деган саволларимизга ҳар доим ҳам жавобни олишга  ийманамиз ёки бу ёғи “ўзбекчиликда” деб  йўлимизда  давом  этамиз.

Агар сизда бундай саволларга жавоб олиш учун вақт ёки имкон топилмаса, “Ўзстандарт” бу  борада  сизга  яқин  кўмакчи эканлигини ёддан чиқарманг.

Кейинги қисқа вақт ичида биргина пойтахтимиз бозорларида ўтказилган ўрганишлар таҳли шуни кўрсатадики, кўпгина бозорларда аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, бозор расталарида истеъмолда бўлган электрон тарозилар истеъмолчилар  талабини мутлоқо қондирмаслиги маълум бўлди.

Келинг эътиборингизни аниқ рақамларга қаратсак.

“Чилонзор” деҳқон бозорида режа жадвал асосида 100 дона электрон тарозилари харид қилиниши лозим эди. Минг афсуски амалда бирорта ҳам тароизи сотиб олинмади.

 Ёки бўлмаса, “Аския” деҳқон бозорида режага асосан 60 дона тарози сотиб олиниши белгиланган, афсуски  ҳозирги кунда бозорда бирорта ҳам тарози харид қилинмади.

“Наврўз” деҳқон бозорида ҳам белгиланган режага асосан 100 дона электрон тарозилар олиниши керак эди. Минг афсуслар бўлсинким, бугунги кунда бозор маъмурияти томонидан битта ҳам тарози сотиб олинмади. Борлари ҳам хусусий тадбиркорлага тегишли. (Эслатиб ўтамиз бозор ҳудудида хусусий тарозилар билан савдо қилиш мумкин эмас)

Энди хулоса қилиш навбати сизнинг ҳукмингизга ҳавола.

Эслатиб ўтамиз, ҳурматли истеъмолчилар, “Ўзстандарт” агентлиги сизларни бозорларда бирор-бир харидни амалга оширадиган бўлсангиз, албатта тарозиларни тегишли сертификати борлигига эътибор қаратишингизни сўрайди.