Огох бўлинг!!!

Ҳурматли истеъмолчи, Тошкентдаги савдо тармоқларида
СОТУВДА СИФАТИ КАФОЛАТЛАНМАГАН МАҲСУЛОТЛАР АНИҚЛАНДИ!!!

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан белгиланган чора-тадбирлар натижасида бозорлар ва савдо шохобчаларидаги сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларнинг сотилишини олди олинмоқда.
“Ўзстандарт” агентлигининг бевосита ташаббуси ва сайи ҳаракати билан жорий йилнинг 9 ойи давомида синов натижаларига кўра 323 та ҳолатда айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари яроқсиз деб топилди.
Юқорида келтирилган ўрганишлар жараёни бозорлар ва савдо мажмуаларида сертификатсиз ҳамда сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларининг реализация қилинишининг олдини олиш бўйича амалга оширилди. “Ўзстандарт” агентлигининг мутахассислари томонидан биргина Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган бир қатор савдо тармоқларидан 6 турдаги жами 61 дона озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилинди.
Олиб борилган ўрганишлар жараёнида савдога қўйилган сут, колбаса маҳсулотлари, ичимлик сувлари, болалар озуқалари, какао, шарбатларнинг назорат харидлари амалга оширилди. Афсуски натижалар қониқарсиз. Яъни ўрганишлар ўтказилган савдо шохобчаларидаги бу турдаги маҳсулотларнинг аксарияти мувофиқлик сертификатига эга эмас, яъни сифати кафолатланмаган ҳолда савдога қўйилганлиги маълум бўлди.
Масалан, биргина Тошкент шаҳрида жойлашган айрим савдо мажмуаларида олиб борилган ўрганиш натижаларига тўхталадиган бўлсак, савдога қўйилган яроқсиз маҳсулотларининг ишлаб чиқарувчилари таҳлил қилинганда масалан, “Ҳасанмолпром” хусусий фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган 30% ёғлилик даражасига эга “Гармония” қаймоғи, “Иззат” хусусий фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган 2,5 % ёғлилик даражасига эга творог, “GOODFOODORGANIC” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 8,5% сметана ва 35% қаймоқ, “Ҳамидахон Баракали тайёрлов” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 2,5% йогурд ва 20% сметана ва бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари меъёрий ҳужжатларнинг талабига жавоб бермаслиги аниқланди.

Истеъмолчиларга тавсия
“Ўзстандарт” агентлиги истеъмолчиларга шуни маълум қиладики, гарчи улар махсус лабораторияларда сифатсиз маҳсулотларни синовларни амалга ошириб, харид қилаётган маҳсулотларини текшириш имконига эга бўлмасалар-да, унинг йўриқномаси ва ташқи ҳолати, яъни қадоғи қаттиқ ҳамда шикастланмагани, ундаги суратларнинг сифатли эканлиги, кўрсаткичлари ёзилган ёрлиқнинг мавжудлиги,каби жиҳатларга эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ.