Пиллачилик тармоғи ишчилари ва пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначиларнинг қонун ҳужжатларида тасдиқланган тўлиқ бир мавсум ишлаган даврлари пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқлари рўйхатига киритилгани соҳа ходимларини қувонтирди.

 

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори аҳолининг ипакли кийим-кечакларга бўлган эҳтиёжини қондириш, бундай маҳсулотлар билан ички ва ташқи бозорни таъминлашда янги имкониятлар яратишда муҳим омил бўлмоқда. 

2023 йилгача тизимдаги корхона ва ташкилотларга солиқ имтиёзлари ва бошқа қатор преференциялар берилди. Уюшма таркибидаги ташкилотлар, ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани тайёрлаш ва қайта ишлаш ташкилотлари олиб келадиган пилла йигириш ва ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти кўчатлари, ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноат уруғлари божхона тўловларидан, уй шароитида тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначилар даромад солиғи тўлашдан озод қилинди. Пиллачилик тармоғига жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан кириш визалари расмийлаштирилади, давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар бериш, муддатини узайтириш, вақтинча яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказиш ва муддатини узайтириш амалга оширилади. 

Таъкидлаш жоизки, ҳозиргача тизимдаги корхоналар пилла етиштириш ва ипак ишлаб чиқариш билан чекланиб қолган эди. Ипак асосан хомашё сифатида сотилган. Биз Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида занжирсимон тизимни амалиётга татбиқ этдик. Бунда ипак қурти уруғи тайёрлашдан мато ва либослар ишлаб чиқаришгача барча жараён узвий равишда тизимли бажарилади. 

Тизимда кластр қилмоқчимиз. Бу сўз инглиз тилидан олинган бўлиб, учта-тўртта йўналишни битта жойга жамлаш деган маънони англатади. Авваллари ипак қуртини қайта ишлаш корхонаси шартнома асосида туман пилла корхонасига, у фермерга, фермер шартнома билан хонадонга бериши жараёнида турлича нарх ва сарсонгарчилик келиб чиқарди. Янги тизимда бундай ҳолатларга чек қўйилади. Уруғчилик заводи маҳсулотни пилла корхонасига берганда унинг вакили жонлантириш жараёнида иштирок этиб, ипак қуртини хонадонларга ёки ипак қурти боқиш махсус цехларига тарқатишда кўмаклашади. Пилла ўрай бошлагандан кейин қурт заводи вакили заводга қайтиб кетади. Ана шу тарзда ҳаммамиз бир-биримиз билан боғланиб, ишлашимиз керак. «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси барчасига бош-қош бўлади ва хонадонлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузади. 

Агар ипак қуртлари яхши боқилса, ундан юқори навли пилла олиш имконияти кенгаяди. Шу боис тарқатилган ипак қурти юқори малакали мутахассислар назоратида боқилиб, кейин хонадонларга берилади. Мутахассислар ҳар куни хабар олиб, пиллакорларга керакли маслаҳатларни бериб туради. Ана шунда қимматли хомашёни йўқотиш камайиб, ҳосилдорлик ошади. Пилла боқиш мавсумий бўлгани учун бундай махсус қуртхоналар ёнида кейинчалик қишлоқ хўжалиги экинлари экиш, тайёр маҳсулотни қуритиш ёки қайта ишлаш цехларини ишга туширамиз. Негаки, тутзорлардан унумли фойдаланиш мақсадида тут қатор ораларида турли хилдаги сабзавотлар ва дуккакли экинлар етиштириш йўлга қўйилади. 

Агар пиллани етти хазинанинг бири, деб ҳисоблайдиган бўлсак, у ўзининг атрофига яна бешта хазинани жамлаган. Мисол учун, тут бор жойда ер бўлади, деҳқончилик ривожланади. Шунга мос равишда чорва кўпаяди. Хитой тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, улар тутларни касалликлардан асраш ва тупроқни минераллар билан бойитиш учун тут плантацияларида парранда боқади. Натижада экологик тоза гўшт етиштирилади. Яна бир гап. Тутда нектар бўлмаса-да, қатор ораларига экилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан асалари бол йиғади. 

Агар ҳар гектардаги тутзорда беш қути асалари оиласи парваришланса, бу ҳам қўшимча даромад, ҳам янги иш ўрни демакдир. Олдимизда турган улкан режаларимиздан бири жойларда «кумуш тола» етиштириш билан бирга қўшимча тармоқларни ҳам ривожлантиришдир. Мисол учун, вилоятларнинг иқлим шароити ва одамларнинг қизиқиши асосида Хоразмда қўйчиликни, Сурхондарёда чорвачиликни, Бухорода асаларичиликни ривожлантириш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бозорларимизда шифобахш маҳсулотлар қўпайиши, экспорт салоҳиятининг янада ортиши бундан-да қувонарли. 

Пиллачиликда улкан ютуқларнинг бош омили қисқа муддатли, аммо кўп меҳнат талаб қиладиган жараён – етарли миқдорда озуқа жамғариш билан боғлиқдир. Шу боис «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси тутзорларни ривожлантириш шарти билан қайта ишлаш корхоналарига бепул фойдаланишга беради. Шартимиз бир гектар тутзорда беш мингта тут бўлишини таъминлаш ва уларнинг атрофида ипак қуртини боқиш масканларини ишга туширишдир. Шунинг учун биз тутзорларни, яъни озуқа базасини тиклаб, ипак қурти заводларини илғор технологиялар билан жиҳозлаб, замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак, мамлакатимиз беш йилдан кейин ипак ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи давлатлар орасида дунёда етакчи ўринни эгаллайди. Бунга, албатта, эришамиз. Сабаби, Ўзбекистонда бу соҳа давлатимиз раҳбарининг эътибори ва назоратида. 

Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Буюк Британия каби давлатларнинг шу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлари бизга ишончли ҳамкор сифатида қарамоқда. Бу пилла толасини замонавий бозор тамойиллари асосида сотиш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга оид ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш имконини беради. 

Бу вазифаларни амалга ошириш учун аввало 2020 йилгача ҳар бир ипак қурти уруғи етиштирувчи заводда чет эллик инвестор иштирокини таъминлаймиз. Ана шунда тизимдаги ҳар бир корхонада Хитой, Япония ёки Жанубий Кореядан келиб, доимий ишлайдиган иккита хорижий мутахассис бўлади. 2020 йилда бизга керак бўладиган ипак қурти уруғининг камида 50 фоизини юртимизда етиштиришга эришамиз. Айни вақтда тизимда 230 га яқин корхона бўлиб, унинг сал кам қирқтаси қайта ишлаш билан шуғулланмоқда. Келгусида хорижнинг малакали мутахассислари билан ҳамкорлик қилинса, уларнинг имконияти янада ошади. 

Бу йил 2016 йилга нисбатан 30 фоиз кўп «кумуш тола» етиштирилмоқда. Кузда иккинчи марта ипак қурти боқилади. Иқлимимиз иссиқ бўлгани учун баҳорда тут барги 20 кунда, кузда бир ҳафтада қотади. Шунинг учун баҳордаги каби катта миқдорда бўлмаса-да, кичикроқ ҳажмда ипак қурти боқилади. 

Истиқболда замонавий технологиялар асосида тайёрланадиган маҳсулотларимиз юқори сифати, халқаро андозаларга мослиги, табиий софлиги ва, энг муҳими, инсон саломатлиги учун фойдали жиҳатлари билан харидорлар эътиборини тортишига шубҳа йўқ. 

 

Баҳром Шарипов,
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
бошқаруви раиси.

 

Манба: ЎзА