Жорий йилнинг 18-20 июль кунлари Республикамизнинг Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида янги қабул қилинаётган ва кучга кирган қонун ва қарорларни амалиётга татбиқ этиш, уларнинг мазмун моҳиятини  аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кенг тушунтиришга бағишланган семинарлар кетма-кетлиги бўлиб ўтди.

Ташкил этилган семинарларда “Ўзстандарт” агентлигининг матбуот хизмати рахбари А.Ғ.Расулов, “Республика ССМ” ДКнинг “Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси” раҳбариН.Х.Уразқулов, ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари раҳбарлари, стандартлаштириш ва метрология бошқарма бошлиқлари, шунингдек ушбу вилоятларда фаолият юритувчи корхона ва ташкилот раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда матбуот ҳодимлари иштирок этишди.

Семинарларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги ПФ-4947-сонли Фармони, 2017 йил 21 июндаги "Ташқи иқтисодий алоқаларни такомиллаштириш ва маҳаллий экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3077-сонли қарори, 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-2935-сонли қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июлдаги "Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси худудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатига ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги 475-сонли қарорларининг мазмун мохияти, афзалликлари ва амалиётга татбиқ этиш юзасидан кенг тушунтиришлар берилди.

Шунингдек «Ўзстандарт» агентлигининг матбуот хизмати рахбари А.Ғ.Расулов томонидан Юртимизда тадбиркорлик соҳаси жадал суратлар билан ривожланаётганлиги, бу борада кичик бизнес, хусусий тадбиркор, хусусий мулк эгаларига Президентимиз ва хукуматимиз томонидан катта эътибор берилаётганлиги, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича зарур хуқуқий базалар яратилганлигини ва тобора такомиллаштириб борилаётгани, қулай иш билармонлик мухити шаклланаётганлиги, бизнесни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар тўғрисида гапириб, “Ўзстандарт” агентлигида шу борада олиб борилаётган ишлар тўғрисида қисқача ахборотлар берилди.

“Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасининг “Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси” раҳбари Н.Уразқулов семинарлар мобайнида, вилоятларда ишлаб чиқариш корхоналари Республикамизда етакчилар қаторида эканлиги ва ташаббускор тадбиркорларнинг ўрни тўғрисида, шунингдек ишлаб чиқариладиган махсулотлар сифатига эътиборни кучайтириш юзасидан ўз тавсияларини берди.

Кўтаринки кайфиятда ўтказилган ҳар бир семинар қизиқарли суҳбатларга бой бўлиб, барча иштирокчилар ўзлари учун муҳим ва керакли бўлган маълумот ва янгиликларга эга бўлишди.