Мамлакатимизда ёш авлод жамиятнинг ташаббускор ва фаол қатлами сифатида доимо қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг ҳар томонлама баркамол улғайиши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди. 

Амир Темур номидаги истироҳат боғи ҳудудида ташкил этилган марказда ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. “Ёш чеварлар”, “Ёш рассомлар”, “Ёш шахматчилар”, “Ёш ижодкорлар”, “Ёш сартарошлар” каби ўндан ортиқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Турли тадбирлар ўтказишга мўлжалланган анжуманлар зали замонавий жиҳозланган. 

– Марказ ёшларнинг вақтини кўнгилли ўтказиши билан бирга, уларни қизиқишига қараб муайян касбга ўргатиш, спорт билан шуғулланишига хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши раиси М.Машарипов. – Уларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлайди. Вилоятимизда навқирон авлод вакиллари ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли йўналишлари – ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, илм-фан, маданият ва бошқа соҳаларда фаол иштирок этиб, замонавий масканларда таълим-тарбия олмоқда, спорт билан шуғулланмоқда.