Олмалиқ кон-металлургия комбинати мамлакатимизнинг рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналаридан ҳисобланади. Мазкур инвестициявий лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. 

2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш ва диверсификациялаш, таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш орқали унинг рақобатбардошлигини ошириш асосий устувор йўналишлар сифатида белгиланган. 

Жорий йилнинг март ойида Президентимиз томонидан Олмалиқ кон-металлургия комбинатини 2030-йилгача бўлган даврда ривожлантириш дастури тасдиқланди. Дастур доирасида мис ишлаб чиқаришни 1,4 баробар, қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни 33 фоизга ошириш белгиланган. 

Лойиҳани ўзлаштириш жараёнида битта темир йўлни янги жойга ўтказиш, иккита янги темир йўл қуриш, автомобил йўллари барпо этиш кўзда тутилган. Узунлиги 1,4 километрлик туннел ва 3,1 километр конвейер йўли қурилади, ишлаб чиқариш, транспорт, энергетика ва бошқа инфраструктура обектлари барпо этилади. Янги мис-бойитиш комплекси, мисни электролиз қилиш, олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш цехлари ва бошқа инфратузилма обектлари қурилади. 

Лойиҳа 2028-йилда тўлиқ қувват билан ишга тушади. Натижада 10 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади. Бундан ташқари ёш мутахассислар учун 2017-2021-йилларда 400 оилага мўлжалланган 9 та янги кўп қаватли уй, мактабгача таълим муассасаси ва 240 ўринли 2 та ётоқхона барпо этилади. 

Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар асосан экспортга чиқарилади. 

Маросимда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Юртимиз ер ости бойликларига бой, лекин биз ундан унумли фойдалана олмаяпмиз, деди давлатимиз раҳбари. Биз геология соҳасини ривожлантиришга етарлича эътибор қаратмадик. Энди бу йўналишдаги ишларни тубдан яхшилаймиз ва соҳани тубдан такомиллаштирамиз. 

Кечаги кун билан яшаш вақти ўтди. Бугун замон ўзгармоқда, биз ҳам шу шиддатга мос равишда ўзгаришимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев. 

Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳани кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бугун мазкур тармоқда ишлаётган ёшларнинг кўплигини инобатга олиб янги очилган конга “Ёшлик” кони, деб ном беришни таклиф қилди. 

Мажмуага тантанали равишда тамал тоши қўйилди. 

Тадбирда комбинат фаоллари ва ёшлар сўзга чиқиб, ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида олиб бораётган эзгу ишлари учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.