Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Хусусий тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари ва кафолатларини янада мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги воситаларини яратиш, тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, шу асосда янги иш ўринларини ташкил этишни рағбатлантириш ва республика банк-молия тизими фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) давлат муассасаси шаклида ташкил этилсин ва кичик тадбиркорлик субъектларига қуйидаги шаклда молиявий ёрдам кўрсатиш унинг асосий вазифаси этиб белгилансин: 

а) кичик тадбиркорлик субъектларига мазкур қарорда қайд этилган мақсадларга кредит ажратиш учун тижорат банкларига, жумладан, хорижий кредит линияларини жалб қилиш ҳисобидан ресурслар ажратиш; 

б) кичик тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари кредит миқдорининг 50 фоизигача, аммо 500 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган ёки унга эквивалент ҳажмдаги кредитлари бўйича кафил бўлиш; 

в) тижорат банкларининг қиймати 1 миллион АҚШ долларидан ошмайдиган миқдордаги кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидаги эквивалентда компенсация бериш: 

миллий валютада – қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкасида – Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 40 фоизигача бўлган миқдорида; 

хорижий валютада – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизи, аммо 3 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда. 

Жамғарма бош битимлар асосида тижорат банклари орқали миллий ва хорижий валютада кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлайди ва тижорат банкларига ресурсларни тақдим этади. 

2. Қуйидагилар Жамғарма ресурс базасининг манбалари этиб белгилансин: 

Тошкент шаҳридаги Кичик саноат зоналари кафолат жамғармасини ва Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини кейинчалик тугатиш ва уларнинг тегишли равишда 50 миллион доллар ҳамда 100 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағлари шаклида ушбу қарорнинг 1-иловасида қайд этилган ташкилотлар бадаллари ҳисобидан шакллантириладиган Жамғарманинг бошланғич бадали; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ушбу мақсадлар учун ҳар йили тасдиқланадиган ажратмалар доирасидаги маблағлари, 2017 йилда Жамғарма ресурс базасини шакллантириш учун – 100 миллиард сўм; 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки йиллик соф даромадининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтириладиган қисми; 

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг Жамғарма зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган кредитлари (қарзлари) ва грантлари; 

Жамғарманинг, жумладан, депозитларни жойлаштириш, кафолатлар беришдан тушадиган даромадлари, шунингдек, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар. 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Жамғарма ресурс базасини тўлдириш учун ҳар йили маблағ ажратишни кўзда тутсин. 

3. Белгилансинки, Жамғарма тижорат банкларининг кредитлари бўйича кафолат ва компенсациялар, шунингдек, тижорат банкларига қуйидаги соҳаларда лойиҳалар амалга оширилишини молиялаштириш учун ресурслар тақдим этади: 

қишлоқ хўжалигида, биринчи навбатда, энергия самарадорлиги юқори замонавий иссиқхоналар қуриш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, узумчилик ва боғдорчиликни, шу жумладан, интенсив боғларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар; 

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида – мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш бўйича инфратузилма ва ушбу маҳсулотларни транспортировка қилиш билан боғлиқ логистика марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар; 

кўп квартирали уйларда умумий фойдаланиладиган жойларни хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув компаниялари томонидан ободонлаштириш ва таъмирлаш лойиҳалари; 

тадбиркорлик фаолиятининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган бошқа йўналишларидаги лойиҳалар. 

4. Қуйидагилар: 

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини бошқариш бўйича кенгаш таркиби (кейинги ўринларда Жамғармани бошқариш бўйича кенгаш) 2-иловага мувофиқ; 

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасинининг ижроия дирекцияси таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Жамғармани бошқариш бўйича кенгашга, зарур ҳолларда, Жамғарма ижроия дирекцияси тузилмасига бошқарув ходимлари умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Жамғарма ижрочи директори мақомига кўра меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилсин. 

6. Жамғарма барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилсин ва бўшаган маблағлар унинг ресурс ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлашга мақсадли йўналтирилсин. 

7. Жамғармани бошқариш бўйича кенгаш 2018 йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тармоқлар ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш, шунингдек, Жамғарма маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватланадиган лойиҳаларни амалга оширишга доир таклифлар киритсин. 

8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини кенг жалб этган ҳолда, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ушбу қарор мақсад ва вазифаларини аҳоли ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида мунтазам ва ҳар томонлама тизимли асосда ёритишни таъминласин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банки, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Д.А.Қўчқоров, Марказий банк раиси М.Б.Нурмуротов, Савдо-саноат палатаси раиси А.И.Икромов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 17 август 


 

* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни 
қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини 
ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига
 
ШАРҲ


2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда хусусий мулк манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай имкониятлар яратиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳам хусусий тадбиркорликни, авваламбор, микрофирма ва кичик корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уларнинг жадал ривожланиши учун қўшимча шарт-шароит яратиш, имкониятларни кенгайтиришга қаратилган. 

Қарор асосида ташкил этилаётган Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси зиммасига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида қатор вазифалар юклатилмоқда. 

Жумладан, тижорат банкларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш учун миллий ва хорижий валютада, хорижий кредит линияларини жалб қилиш ҳисобидан ресурслар тақдим этилади. 

Жамғарманинг тижорат банклари томонидан берилаётган кредит миқдорининг 50 фоизигача (кредит миқдори 500 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган тақдирда) ёки унга эквивалент ҳажмдаги кредитлари бўйича кафил бўлиши белгилаб қўйилди. 

Шунингдек, жамғарма томонидан тижорат банклари кредитлари бўйича фоизли харажатларни қоплаш учун компенсация бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган. 

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда амалдаги таъминотнинг чекланган миқдори 100 минг АҚШ долларига тенг ҳажмдаги маблағни ташкил этади. Ушбу маблағ миқдорини беш баробар кўпайтириш, шубҳасиз, тижорат банклари кредитларини жалб этган ҳолда йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасида қўшимча имкониятлар яратади. 

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тижорат банкларининг кредитлари бўйича кафолат ва компенсациялар, тижорат банкларига эса қуйидаги йўналишдаги лойиҳалар бўйича кредит ажратиш учун ресурслар тақдим этади: 

қишлоқ хўжалиги соҳасида, биринчи навбатда, энергия тежамкорлиги юқори замонавий иссиқхоналар қуриш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, узумчилик ва боғдорчиликни, жумладан, интенсив боғларни ривожлантириш; 

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, интенсив боғларда етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш соҳасида – ушбу маҳсулотларни сақлаш бўйича инфратузилма ва транспортировка қилиш билан боғлиқ логистика марказларини ташкил этиш; 

кўп қаватли уйлар атрофидаги умумий фойдаланишга мўлжалланган жойларни хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув компаниялари томонидан ободонлаштириш ва таъмирлаш; 

тадбиркорлик фаолиятининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган бошқа йўналишлари учун. 

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ишончли ресурс базасини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашнинг ягона механизмини яратиш мақсадида қарорда Тошкент шаҳридаги Кичик саноат зоналари кафолат жамғармаси ва Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини тугатиш, уларга тегишли бўлган 50 миллион АҚШ доллари ва 100 миллиард сўм миқдоридаги маблағларини янгидан тузилаётган жамғарма ҳисобига ўтказиш кўзда тутилган. 

Шунингдек, қарорда давлат бюджетининг ушбу мақсадлар учун ҳар йили тасдиқланадиган ажратмалар доирасидаги маблағлари (2017 йилда – 100 миллиард сўм), Ўзбекистон Республикаси Марказий банки йиллик соф даромадининг Давлат бюджетига йўналтириладиган қисми, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг Жамғарма зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган кредитлари (қарзлари) ва грантлари ҳамда Жамғарманинг депозитларни жойлаштириш, кафолатлар беришдан тушадиган даромадлари, шунингдек, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар Жамғарма ресурсларининг қўшимча манбалари сифатида белгиланди. 

Қабул қилинган ушбу қарор республика банк-молия тизимини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиявий ҳимоя қилиш ва кафолатларини таъминлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий қилиш, бизнес субъектларининг кредит ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва шу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ҳаёт даражасини оширишга хизмат қилади.