Унда икки мамлакатнинг савдо, саноат, иқтисодиёт, ёқилғи-энергетика, банк-молия, электр техникаси ишлаб чиқариш, сайёҳлик, авиаташув, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, логистика каби соҳаларга ихтисослашган фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси вице-президенти Владимир Падалко ва бошқалар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўз юритилди. 

Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шерикларидан бири. 2016 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 4 миллиард АҚШ долларидан ошган. Ўзбекистондан Россияга табиий газ, автомобиллар, кимёвий ва тўқимачилик маҳсулотлари, мева-сабзавотлар ва бошқа товарлар етказиб берилмоқда. Россиядан қора ва рангли металлар, ёғоч, нефть ва нефть маҳсулотлари, электр техникалар, қоғоз буюмлари ва фармацевтика воситалари харид қилинмоқда. 

Мамлакатимизда Россия инвестициялари иштирокида тузилган 961 корхона, Россияда эса Ўзбекистон сармоядорлари иштирокида ташкил этилган 569 корхона фаолият юритмоқда. Юртимизда ушбу мамлакатнинг 64 етакчи фирма ва компанияси ўз ваколатхонасини очган. 

Форумда меҳмонларга мамлакатимизнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес, туризм соҳаларидаги салоҳияти, эркин иқтисодий зоналар фаолияти, валюта муомаласини эркинлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. 

Ўзбекистон билан Россия ишбилармонлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, савдо, сармоя, молия, энергетика ва сайёҳлик соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш, янги қўшма корхоналар ташкил этиш, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш масалалари, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. 

Анжуман доирасида бўлиб ўтган секция мажлисларида “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш”, “Туризм – ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантирувчи куч сифатида”, “Минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда транспорт ва логистика” каби мавзуларга оид маърузалар тингланди. 

Форум доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси ўртасида халқаро тижорат арбитражи ва медиация соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, 2018-2019 йилларда Россия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ва Ўзбекистон – Россия ишбилармонлар кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум низомларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) имзоланди.