Мамлакатимизда инвестиция дастурлари асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ижтимоий соҳалар, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини давр талаби асосида ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги дастурлар ижроси умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, ёш авлоднинг пухта билим олиши, фан-техника, санъат сирларини чуқур эгаллаши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имконият яратаётир. 

Наманган вилоятида ҳам ҳар йили манзилли рўйхат асосида Инвестиция дастурига киритилган таълим даргоҳлари мукаммал таъмирланиб, моддий-техник базаси ҳар томонлама мустаҳкамланмоқда. 

Вилоятда 682 умумтаълим мактаби фаолият кўрсатмоқда. 2004-2016-йилларда 605 умумтаълим мактабида 186 миллиард сўмликдан зиёд реконструкция ва қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилаётир. 

2017-йил Инвестиция дастурида вилоят халқ таълими тизимида жами 37 миллиард 369 миллион сўмликдан зиёд лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Янгиқўрғон туманида 216 ўринли янги мактаб биноси қурилиши, Наманган шаҳридаги 76-умумтаълим мактаби учун 240 ўринли, Чортоқ туманидаги 3-умумтаълим мактаби учун 360 ўринли ўқув биноси қурилиши, шунингдек, 16 умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ва учтасини мукаммал таъмирлаш шулар жумласидандир. Ҳозирга қадар мазкур объектларда тендер танловлари асосида иш бошлаган пудратчи қурилиш-таъмирлаш корхоналари томонидан бунёдкорлик ишларининг 95 фоизи амалга оширилди. 

Наманган шаҳридаги 14-, 15-, 36-, 41-, 47-, 48- умумтаълим мактаблари ва 40-мактаб-интернати, шунингдек, Наманган, Мингбулоқ, Норин, Чуст, Косонсой, Тўрақўрғон туманларидаги дастурга киритилган бир қатор таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, ўқувчилар жорий ўқув йилини янгиланган мактабларда бошлади. 

– Мактабимизнинг спорт зали, ошхонаси ва фаоллар зали тубдан реконструкция қилиниб, қўшимча санитария-гигиена хоналари қурилди, – дейди Наманган шаҳридаги 15-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Жалилов. – Айниқса, замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган тикувчилик, пазандачилик ўқув хоналари ташкил қилингани ота-оналарга манзур бўлмоқда. Инсон онг-тафаккури ўзгаришида ташқи муҳит таъсири муҳим аҳамиятга эга. Бундай қулай шароитлар ўқитувчига ҳам, ўқувчига ҳам ўз масъулиятини чуқур англатиб, таълим самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. 

Айни пайтда Наманган шаҳри, Учқўрғон, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларидаги бир қатор умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. 

Ёш авлод таълим-тарбиясининг пойдевори ҳисобланган мактабгача таълим муассасаларини ҳам замон талабларига мос ривожлантириб бориш алоҳида аҳамиятга эга. Жорий йилда вилоят бўйича Инвестиция дастурига киритилган 27 мактабгача таълим муассасасида режалаштирилган реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларининг 85 фоизи бажарилди. 

Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги таълим муассасалари барча зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда. Жорий йилда дастур асосида таъмирланаётган 20, қайта жиҳозланаётган 28 таълим муассасаси 3 миллиард 868 миллион сўмликдан зиёд замонавий мебель, ўқув-лаборатория асбоблари ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган. Мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлаш ишларига 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланган. 

Акрамжон Сатторов, ЎзА