Халқимизда сафар қилишнинг фойдали жиҳатлари хусусида кўплаб мақоллар бор.”Соғлом бўлай десанг сафар қил, дунёқарашингни бойитай десанг сафар қил, инсоннинг  қадрини билай десанг сафарга чиқ” деган пурмаъно гап бежизга айтилмаган.

Ҳар гал хизмат сафари баҳона мамлакатимизнинг олис ҳудудларида бўлганимда ҳамюртларимизнинг самимийлиги, меҳмондўстлиги ва меҳнатсеварлигига ҳавасим келади. Энг асосийси уларнинг қалбидаги эртанги кунга бўлган ишонч туйғуси менга ҳам куч бағишлайди.

Жорий йилнинг 27-29 октябр кунлари навбатдаги хизмат сафари юзасидан Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида бўлдим.

Дастлаб бизнинг парвозимизни таъминлаётган “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” миллий авиокомпаниясига қарашли самолёт Урганч аэропортига яқинлашар экан, беихтиёр пастликка назар солдим. Одатда осмондан барча нарсалар аниқ кўзга ташланади.

Урганч шаҳрининг бўй-басти, унга туташ бўлган манзиллар ҳамда қишлоқ хўжалиги экинзорлари, боғу-роғлари, сокин оқаётган дарё сувлари аниқ кўриниб турипти.

Хоразм Синов ва сертификатлаштириш марказининг директори Алишер оға Худойберганов менга ҳамроҳлик қилар экан, йўл-йўлакай вилоят ҳаётига боғлиқ бўлган сўнгги янгиликлар ҳақида гапириб берди.

Шаҳар марказига элтувчи равон ва кенг йўллар, замонавий ечим асосида қад ростлаган бинолар,аҳоли яшайдиган кўп қаватли иморатлар эътиборимизни тортди. Ҳамроҳим яқиндагина муҳтарам Президентимизнинг Хоразм вилоятга қилган ташрифлари ҳақида тўлқинланиб гапирар экан, унга бажонидил қулоқ тутдим.

-Биласизми,дейди Алишер оға, Президентимизнинг вилоятимизга келганларидан халқимиз жуда ҳам мамнун бўлди. Айниқса уларнинг оддий инсонлар қалбида эртанги кунга бўлган ишончнинг ўйғотганлари, ҳаётларидан розилиги йўлида олиб бораётган изчил сиёсатлари юртдошларимиз кўнглини тоғдек кўтариб юборди.

Ҳақиқатдан ҳам, Урганч кўчаларини айланиш ва суҳбатдошимнинг хурсандчилик билан суғорилган мулоҳазаларини тинглаб, шу нарсага амин бўлдимки, вилоятда одамлар ўзгача руҳ билан яшаб, меҳнат қилаётганликларини юракдан ҳис этиш мушкул эмас. Дарвоқе, жорий йилда вилоятнинг тажрибали деҳқонлари Республикамизда биринчилардан бўлиб давлатга пахта топшириш режасини удаллаганлари, жиноятчиликни олдини олиш билан боғлиқ Хоразм тажрибаси, буларнинг барчасида меҳнаткаш халқнинг улкан хизмати борлигини таъкидлаш жоиз.

Тушдан сўнг Урганч шаҳида фаолият кўрсатаётган Синов ва сертификатлаштириш марказига келдик. Белгиланган режага кўра марказ ходимлари билан суҳбатлашдик. Йиғилишда Хоразм Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи Рўзибоа оға Бекчанов ҳам иштирок этдилар. Марказ директори Алишер оға Худойберганов ходимларига мавзу юзасидан тушунча берар экан, мен эса беихтиёр ҳамкасбларимининг юз-кўзларидаги кўтаринкилкни ҳис қилдим.

Ҳақиқтдан ҳам, кейинги қисқа вақт ичида Хоразм Синов ва сертификатлаштириш маркази фаолиятида ҳам сезиларли ишлар бажарилаётгани, иш жараёнида фойдаланиш учун зарур бўладиган замонавий жиҳозларининг харид қилинаётгани ва энг асосийси, туманларда аҳоли ва тадбиркорлар учун қиёслов шахобчаларининг ташкил этилаётгани ҳамда эркин иқтисодий ҳудудларда истиқболли режаларнинг тузилаётгани бунинг исботи дейиш мумкин.

28 октябр куни эрталаб ҳамроҳим Алишер оға Худойберганов билан Урганчдан қадим Амударё орқали Қорақолпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманига йўл олдик. Қадим Амударёнинг нафаси уфуриб турган манзил томон борар эканмиз, беихтиёр ён-атрофга олтин куз фасли ўзининг бутун гўзаллигини намаён этиб турганлигига гувоҳ бўлдик.

Олтин рангида товланиб турган табиат манзаралари  Амударёнинг салобати билан уйғунлашиб янада гўзал қиёфа касб этмоқда.-

- Айримлар вилоятимизни фақатгина қумликлардан иборат деб ўйлайди. Аммо қум пепаликлари билан бир қаторда мана бундай хушманзара жойларимиз ҳам бор дейди ҳамроҳим ўз хурсандчилигини яшира олмай.

Юрагимизда хурсандчилик билан Алишер оға билан шу ернинг ўзида хайрлашиб, қадим ва тарихий тилсимотларни ўз бағрига яширган Элликқалъа туманига йўл олдик. Бу ерда ҳам  бизни олтин куз манзаралари қарши олди. Туман деҳқонлари бу йил ҳам барча соҳаларда олдиларидаги режаларни уддалабтилар.

Менга бу ерда Қорақалпоғистон Синов ва сертификатлаштириш маркази директори Чингиз оға Худойберганов ҳамроҳлик қилди. “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори томонидан тасдиқланган режа-дастурига асосан тумандаги жисмоний ва юридик шахслар иштирокида сайёр учрашувда қатнашдик.

Унда 70 нафар тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналарининг вакилари иштирок этдилар. Тўғрисини айтганда, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлар ҳали ҳам ўз ниҳоясига етмаган бўлсада, туман аҳолиси вақт топиб сайёр учрашувда фаол иштирок этиб, ўзларини қизиқтираётган кўплаб саволларини бердилар.

Бу ерда ҳам одамларнинг юз-кўзларида ишонч порлаб турибти. Деҳқончиликнинг сирини ўзлаштириб олган туман фермерлари бу йил ҳам пахта ва мева етиштиришда режаларини бажарганликларини фахир билан гапириб бердилар.

Учрашув тугагач, Чингиз оғадан Нукус шаҳрига кетаверишда  қадимий Султон Увайс бобо зиёратгоҳига кириб ўтишни илтимос қилдим. Ҳамроҳларимиз билан муқаддас қадамжода бўлиб, уни зиёрат қилдик. Мустақиллик йилларида бошқа қадамжолар қаторида бу ерда ҳам катта ҳажимдаги ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилганлиги кўриниб турибти.

Ҳамроҳларимиз билан Нукус шаҳри томон юрар эканмиз беихтиёр Чингиз оға гап бошлаб қолдилар.

-Ака,бу йил иккинчи қизим фалакнинг гардиши билан ҳамдўстлик мамлакатларидан бирига ўқишга қабул қилинди. Ҳар ҳолда қиз болада. Имкони бўлса тез-тез телефон орқали гаплашиб туришга тўғри келади. Шунда қизим дада, ҳаммаси яхши, аммо деб жимиб қолди. Нима гап,бирор-бир муаммо борим дедим хавотирланиб.

Шунда қизим, дада шароитларим яхши, бироқ инсонлар орасидаги меҳр-оқибат, муносабат бир-бирини ҳолидан хабар олишда бизга етмас экан деди. Яна у қўшимча қилиб, бу ернинг мевалари ҳам бизнинг мевалар каби ширин эмас деса бўладими.

Чингиз оғанинг қисқа ҳикоясидан шуни англадимки,инсонлар ўртасидаги оқибат,яхши-ёмон кунларида бир-бирининг ҳолидан хабар олиш каби қадрятлар она юртимизда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бебаҳо бойлик эканига чин юракдан иқрор бўлдим.

Суҳбатимиз қизиб,Нукус шаҳрига ҳам етиб келганимизни сезмай қолибмиз. Бу ерда ҳам йўлларнинг кенгайтирилаётгани,обод манзилларга асос солинаётгани ва замонавий турар жойларининг қад ростлаётганига гувоҳ бўлдик.Энг муҳими жорий йилда Нукус шаҳрида Синов ва сертификатлаштириш марказининг замонавий кўринишдаги янги биноси қуриб ишга туширилгани тарихий воқеа бўлди.Буладан ташқари,бино хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминлангани ходимларни беҳад хурсанд қилди.

Айни кунларда Нукус шаҳридаги аэропортининг биносида таъмирлаш ишлари қизғин паллага кирган.Бир сўз билан айтганда,юртимизнинг қай бир гўшасида бўлманг,барча жойларда улкан қурилиш,ободонлаштириш ишлари тизимли ташкил этилганига гувоҳ бўласиз.

Асосий мақсад эса,одий одамларнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш ва уларнинг қалбида эртанги кунга бўлган ишончни ўйғотишга қаратилаётгани билан аҳамиятлидир.

       Абдурауф Расулов.

      “Ўзстандарт” агентлиги Матбуот хизмати раҳбари.