Халқимизда “тарозининг икки палласи тенг бўлсин” деган ҳикматомиз гап бежизга айтилмаган. Бунинг туб замирида эса, сотувчи билан истеъмолчи ўртасидаги адолат мезонларининг бир меъёрда бўлиши назарда тутилган.

Сир эмас, кейинги пайтларда Республикамизнинг барча бозорларида қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилиб, аҳоли учун барча зарур шароитлар яратиб берилмоқда.

Минг афсуски, кўпгина бозорларимизда қўлланилаётган тарозиларнинг ўз вақтида давлат метрологик текширувларидан ўтказилмасдан ишлатилаётгани ҳақли равишда истеъмолчиларимизнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан, Республикамизнинг барча деҳқон бозорларидаги тарози ва тарози тошларидан фойдаланишнинг бугунги ҳолати таҳлил қилинди. Натижалар эса, афсуски қониқарсиз.

Масалан, Республикамизда жами деҳқон бозорлари сони 280 тани ташкил этиб, шундан савдо ўринларининг сони эса 115505 тани ташкил этади.

Шундан тарози талаб этиладиган савдо ўринлари сони 47754 тани ташкил этади. Ҳозирги кунда дехқон бозорларида эса атига 17847 дона тарозилардан фойдаланилмоқда холос.

Вилоятларнинг дехқон бозорларида етишмайдиган тарозиларни харид қилиш ва механик тарозиларни янгилаш мақсадида, замонавий электрон тарозиларни            2017 йилда харид қилиш режалари ишлаб чиқилди ва вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланди. Ушбу режаларга кўра жорий йилда жами 7859 дона электрон тарозиларни харид қилиш белгиланган бўлсада, бугунги кун ҳолатида эса, жами 2455 дона, яъни (31,2 %) харид қилинганлигини қандай изоҳлаш мумкин.

Ачинарли томони шундаки,  Агентликнинг ҳудудий марказлари томонидан дехқон бозорлари маъмурятига бир неча бор мурожаат этилишига қарамасдан бозор маъмурияти томонидан тарозиларни харид қилиш ишларига бефарқлик билан муносабатта бўлинмоқда.

Масалан, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида фаолият юритаётган дехқон бозорларида вилоят ҳокимликлари томонидан режалар тасдиқланган бўлишига қарамай, замонавий тарозиларни харид қилиш режаси бажарилмади.

Ҳурматли истеъмолчилар. “Ўзстандарт” агентлиги сизларни қонуний манфаатларингизни ҳимоя қилган ҳолда, албатта бозорлардаги тарозиларнинг мувофиқлик сертификатларини сўрашингизни тавфсия этади.