“Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг “2018 йил 1-ярим йилликда вилоятлардаги шаҳар ва туманларда жисмоний ва юридик шахсларни Сайёр қабули жадвали”га асосан Ўзстандарт” агентлиги раҳбариятининг Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи жисмоний ва юридик шахслар билан “Сайёр қабули” учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирга Вилоят ҳокимлигининг тадбиркорлик ва экспортни қўллаб-қувватлаш гуруҳи, Божхона бошқармаси, Инвестиция бошқармаси, Савдо-саноат палатаси, Давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази, экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси вилоят бўлими, карантин инспекцияси, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва экспортёр корхона раҳбарлари, Гулистон шаҳрида фаолият олиб бораётган қўшма корхоналар вакиллари, жисмоний шахслар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.

Аҳамиятли томони шундаки мазкур тадбир Гулистон шаҳридаги янги “Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази” биносининг мажлислар залида ташкиллаштирилди.

Сирдарё стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи Б.Хамракулов тадбиркорларимизнинг муаммоларини уларнинг ичига кириб тезкорлик билан ҳал этиш чораларини кўриш зарурлигини айтиб, шу мақсадда раҳбариятимиз томонидан жойларда “Сайёр қабул”лар ўтказиш режа-жадвали тасдиқланиб, навбатдаги учрашув Гулистонда ташкиллаштирилганлигини таъкидлаб ўтди.

Сирдарё синов ва сертификатлаштириш маркази директори Ж.Шакаров сўзга чиқиб, Сайёр қабул иштирокчиларига бугунги кунда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ва режалаштирилган истиқболдаги дастурлар ҳамда уларнинг самараси хусусида маълумотлар бериб ўтди.

Жумладан, “Ўзстандарт” агентлигининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 ноябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида “Ҳалол” стандарти жорий этилганлиги айтиб ўтилди. Иштирокчиларга “Ҳалол” стандарти тўғрисидаги видеоролик намойиш этилди.

Тадбирда иштирок этган барча мутасадди ташкилотлар бугунги кунда соҳаларда тадбиркорларга шу жумладан махсулотларни импорт ва экспорт қилишда яратилган имтиёзлар тўғрисида маълумотлар бериб ўтишди.

Шундан сўнг йиғилиш иштирокчиларига, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, сифат тизими тўғрисидаги буклетлар тўпламлари тарқатилди ва тадбиркорларимиздан фаолроқ бўлиб, ўзларидаги учраётган муаммолар, қизиқтирган саволлар ёки таклифлар тўғрисида очиқроқ гапириш таклифи ўртага ташланди.

Учрашув очиқ-мулоқот шаклида ўтиб, иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.