Инсон маънавий жиҳатдан баркамолликка интилса, у ғаразли ниятларга берилмасдан, ҳаётга теран ва холис нигоҳ билан қарайди. Ўзгалар меҳнатини ва фидоийлигини эътироф этиш билан бирга, ён атрофидагиларни эзгу мақсадлар сари эргаштира билади.

Қишнинг изғиринли кунларида қуёшнинг қайноқ тафтига интилганимиз сингари, одамлар ҳам маънавий-маърифий томонидан юксак бўлганларнинг  маънили, руҳият дунёларини бойитадиган дилтортар суҳбатларидан баҳраманд бўлиш умидида уларга талпинадилар.

Бундайларга таъриф берилганда уларни кўплар содда қилиб дарёдил, баъмани ва самимий қалб эгаси дея таърифлайдилар.

“Ўзстандарт” агентлигида ҳафтанинг ҳар жума куни маънавият соатларини тизимли ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳам аслида барчанинг қалбига маънавий бойликни олиб киришга қаратилган.

Инсон моддий жиҳатдан бой бўлиши мумкин. Аммо маънавий томонидан қашшоқ бўлса бундай инсон билан суҳбатлашишдан наф йўқ. Ундан барча безор бўлади. Имкони бўлса ундан узоқроқ юришни истайди.

Халқимизнинг ҳурматини қозонган сиёсий шарҳловчи Қ.Каримбеков ташкил этилган маънавий учрашувда инсоний фазилатлар, юртга, халққа фидоийлик, Президентимиз томонидан пухта ўйланган ҳаётбахш сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этишда барчамиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз кераклигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, сиёсий шарҳловчи ўз маърузасида 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тўхталиб  ўтди.

Маънавият соати якунида агентлик ходимлари ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.