Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 февралдаги “Кириш туризмини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3509-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, республикага туристлар оқимини кўпайтириш, кириш туризмини миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилиш мақсадида, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат стандарти O`z DSt 3284:2017 “Экспорт қилинадиган маҳсулот тамғасига тушириладиган товар белгиси. Асосий қоидалар” қабул қилинди.

Ушбу стандарт экспортга йўналтирилаётган маҳсулотларни тамғалаш учун қўлланиладиган товар белгиларини шаклига ва туширилишига бўлган умумий талабларни белгилайди. Қабул қилинган давлат стандарти тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулотларга тадбиқ этилади.

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотларини ҳорижий давлатларга www.uzbekistan.travel.com сайтига ҳавола қилинган ҳолда махсус QR коди билан “Welcome to Uzbekistan” белгиси остида экспорт қилиш имконияти яратилди. Бу эса ўз навбатида ҳорижий сайёҳларни юртимизга ташрифини янада кўпайишига имкон беради.