Бухоро Синов ва сертификатлаштириш марказининг ташаббуси билан ташкил этилган учрашувга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллигининг “Хўжа Тадбанд” жомеъ масжиди имом хатиби А.Ашуров таклиф этилди.

Маънавият соатини Бухоро Синов ва сертификатлаштириш маркази директори А.Мухторов кириш сўзи билан очиб, мазкур учрашувнинг мақсади ва моҳияти энг аввал ходимлар ўртасидаги муносабатни яхшилаш ва улар орасида ижобий муҳитни шакиллантиришга қаратилганини такидлаб ўтди.

Шунингдек ҳар бир ходим ўзи меҳнат қилаётган жамоадаги ҳамкасблари ва доимий яшаб келаётган маҳалладошлари билан самимий қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаши зурурлигига урғу берилди.

 Дунёда яшаган ҳар бир инсон билади-ки, инсонга қўшнидек асқотадиган бирон кимса йўқ. Ота-боболаримиз: “Уй олма, қўшни ол” деганлар. Қўшни уйга қараганда жуда муҳимдир. Яна ота-боболаримиз: “Қўшни қўшнининг кулига муҳтож”, “Қўшнинг тинч-сен тинч” деганлар ва бу сўзларнинг мезонларини Қуръондан олганлар.

Қуйидагилар қўшничилик ҳақларидан эканлиги ҳадисларда зикр қилинган. Қўшни ёрдам сўраса, ёрдам бериш, қарз сўраса қарз бериш, бемор бўлса ҳолини сўраш, қўшнига бирор яхшилик етса табриклаш, бирор мусибат етса, таъзия билдириб, тасалли бериш, қўшни оламдан ўтса жанозасида қатнашиш, у рози бўлмаса, уйининг деворини унинг уйи деворидан баланд қилмаслик, тансиқ таомлар пиширганда қўшнига ҳам улашиш, қўшни бирор жойга кетганда уйи ва манзилидан хабардор бўлиш ва сақлаш, чақирса жавоб бериш, қўшничилик ҳақларидандир.

Борини қўшнилар билан баҳам кўриш, қўшнида бор нарсадан таъма қилмаслик қўшничиликнинг чиройли бўлиши сабабларидандир. Қўшничилик чегараси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Билингки, қирқ ҳовли қўшнидир”, деганлар. Уломаларимиз бу ҳадисни шарҳлаб: “Олди томондан қирқ ҳовли, орқа томондан қирқ ҳовли, ўнг томондан қирқ ҳовли, чап томондан қирқ ҳовли, қўшнидир” деганлар. Мусулмончиликда қўшни ҳаққи мана шундай улуғдир. Мусулмон киши бу ҳақларни тўғри тушиниб, унга амал қилиб, чиройли қўшничилик қилмоғи, меҳр оқибатли бўлмоғи лозимдир.

Маънавят соати якунида ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.