Бугун кўча-куйда юртдошларимиз билан суҳбатлашиб улардан кундалик истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларидан кўнглингиз тўладими деган саволни бериб кўринг.

Минг афсуслар бўлсинким аҳолининг асосий қатлами бозорларимиз ва йирик савдо мажмуаларида сотилаётган маҳсулотларнинг сифатидан қониқмаётганликлари маълум бўлади.

Келинг шу ўринда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган ишларидан айримларини келтириб ўтсак.

 Агентлик томонидан ўтган давр мобайнида 67 та тадбиркорлик субьектларида стандартлаштиришга доир давлат назорати ўтказилди.

Ўтказилган текширувлар натижасида 183 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги синовлардан ўтказилганда шундан 42 таси яъни 23 фоиз маҳсулотлар меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқ деб топилди.

Булардан  ташқари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг савдо расталарида сотилаётган 56 турдаги (сут ва сут маҳсулотлари, колбаса маҳсулотлари, гўшт маҳсулотлари, ичимлик суви, болалар озуқаси, какао ва шарбат) маҳсулотларининг назорат хариди амалга оширилди.

Синов натижаларига кўра  18 турдаги сут ва гўшт маҳсулотларининг меъёрий ҳужжат талабларига сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича номувофиқликлар аниқланди.

Ҳурматли истеъмолчилар, маҳсулот хариди жараёнида албатта унинг мувофиқлик сертификати мавжудлигига эътибор қаратишингизни  сўраймиз.

Ахборот хизмати