Одамзотга яратгувчи томонидан чексиз имкониятлар берилган. Тафаккур қилиш,ўзи туғилиб киндик қони томган она-ватанни севиб ардоқлаши ва оламдаги барча гўзалликлардан баҳраманд бўлиш каби неъматлар ато этилган.

Булардан ташқари, одамзотга ширин хаёллар оғушида бўлиш имкони ҳам берилган. Баъзида ўз ҳаётида етишаолмаган ниятларига, орзу-умидларига фақатгина хаёлан эриша олади. Бу ҳам бир инсонга тасалли берадиган катта омиллардан бири дейиш мумкин.

Айниқса, биз ёзнинг қайноқ дамлари ортда қолиб, кузнинг салқин саҳарларига дуч келганимизда ва дарахт барглари сарғая бошлаган дамларда беихтиёр хаёл оғушига чўмамиз. Шунинг учун айтсалар керакда, куз сарҳисобларга бой фасил деб.

Биз ўзимиз билиб-билмай ҳар куни ўз-ўзимизга сарҳисоб берамиз. Аммо кузнинг сарҳисоби бошқача бўлади. Умримизнинг яна бир олдин варақлари ғоҳида ширин, гоҳида ташвишли хотиралар билан тўлиб бораётганига амин бўламиз.

Умримиз китобининг саҳифалари нималар билан тўлаяпти, кимларга қандай яхшилик қилишга улгурдик, қанча дардман кўнгилларга малҳам бўлдик, ватан тараққиётига қанчалар ўз ҳиссамизни қўшдик... бу каби саволлар билан юзма-юз келганимизда берадиган жавобимиз қандай бўлади?

Ҳаётимизда ўлчовни қандай мезонларга асосланиб белгиладик. Олтин куз оғушида шунга ўхшаш саволлар ва турли ўйлар ҳар биримизни кўнгилларимиздан ўтса ажабмас.

Она табиат бағрида кечаётган ўзгаришлар, кечагина ям-яшил либосдаги дарахт барглари хазонрезгига айланиб бораётгани, дарёларнинг салқин тортгани, ҳатто қушларнинг сайрашларидаги ҳорғинлик ҳам  ҳаётнинг ўткинчи эканлигини куйлаётганга ўхшайди.

Шундай экан, чексиз саволларга жўяли жавобларимизни хижолат чекмаган ҳолда берайлик. Ортимизга бир қараб, қилган ишларимизга танқидий ўз баҳомизни берайлик.

Шу ўринда бир донишманднинг қуйидаги ҳикматли ўгитини эслаш ўринлидир. Бир куни Ҳазрати Хожа (яъни Абдухолиқ Ғиждувоний)га савол бердилар: “Дилнинг фароғати нимадан ҳосил бўлур?” Ҳожа буюрдиларки, дилнинг фароғати-унинг тасфити-яъни поклигидадир. Агар ул дилга дунё молидан заррае тамаъ бўлмаса, дил фароғатда бўлур.

Юракларимиз, кўнгилларимиз ва қалбларимизни пок ҳолда тутайлик. Ўз ишимиз ва ўтаётган олтинданда қимматли вақтдан унумли фойдалансак этага кўнгилларимизда тугун қолмайди.

Олтин куз барчамизга муборак бўлсин!

Ахборот хизмати