Ўзбекистонда телекоммуникация соҳаси иқтисодиётнинг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланади. Телекоммуникация бозорининг ривожи миллий иқтисодиёт ва ахборот иқтисодиётининг ривожланишини барқарор таъминлаш манбааларидан бири саналади. Ушбу бозор аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётини яхшилашда, шу жумладан чекка ҳудудларда таълим жараёнларини модернизация қилишда, касбий кўникмаларга эга бўлиш имкониятини яратишда қулайлик туғдиришда муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистонда телекоммуникация соҳаси жадаллик билан ривожланмоқда. Мобил алоқа хизматлари бозорида рақобатнинг энг юқори даражаси кузатилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда уяли алоқа бозори бешта оператор томонидан тақдим этиб келинмоқда. Уяли алоқанинг такомиллашувида асосий механизмларни технологиялардаги мукаммаллик ва рақобатни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Рақобатбардошликни таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири, бу ходимлар малакасини юқори даражада ошириш ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, "Universal Mobile Systems" (UMS) уяли алоқа оператори компания ходимларининг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.Ушбу компания мутахассисларининг малакасини ошириш мақсадида Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги  малака ошириш маркази билан ҳамкорликда 24 сентябрь куни 4 ҳафталик малака ошириш курси ташкил этилди. Мазкур ўқув тадбирининг мавзуси "Электр техника махсулотларини синаш" бўлди. Ўқув курси доирасида марказий офис бош энергетика Хизмати ҳамда “Universal Mobile Systems” МЧЖ ҳудудий филиалларидан 18 нафар мутахассис ўқитилиши режалаштирилган.