Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар берганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакатимизга келди. Ушбу ташриф юзасидан Тошкентда Ўзбекистон - Россия I ҳудудлараро ҳамкорлик форуми давом этмоқда. Ушбу кенг кўламли тадбирда “Ўзстандарт” агентлиги вакиллари  ҳам иштирок этмоқда. 

Жорий йилнинг 19 октябрь куни Россия делегация билан Ўзбекистонга келган  “Группа ГМС” АЖ ва “ИПФ”, “СибНА” корхонаси  вакиллари “Ўзстандарт” агентлигига ташриф буюрди. Суҳбат бошида Россиялик ишбилармонлар Ўзбекистонда форумнинг ташкил этилгани мамлакатларимиз ҳамкорлик алоқалари катта салоҳиятга эга эканлигини яққол кўрсатиб турганлигини таъкидлашди. Музокаралар чоғида Россиялик ишбилармонлар томонидан Ўзбекистон бозорига олиб кирилиши режалаштирилаётган маҳсулотлар  (маиший ҳисоблагичлар, расходомерлар, нефть ва газ ускуналари, стендлар) тўғрисида маълумотлар берилди. 

Агентлик ходимлари томонидан маҳсулотларни Ўзбекистон бозорига олиб киришда метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида  керак бўладиган ҳужжатлар тўлақонли таништирилди.  Россиялик ишбилармонларга Ўзбекистонда стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, метрология соҳалари бўйича кенг қамровли тушунчалар берилиб, соҳа йўналишларида доим истиқболли ҳамкорлик қилиш учун тайёр эканликларини  билдиришди.