Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифаларни ижросини бажариш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан 2017—2020 йилларга мўлжалланган Комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

“Ўзстандарт” агентлиги белгиланган дастурга асосан, жойларда ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар билан учрашувлар ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Навбатдаги учрашув Самарқанд шаҳридаги Матбуот марказида ташкил этилди. Тадбирга оммавий ахборот воситаларининг вакиллари билан биргаликда тадбиркорларнинг иштироки учрашувнинг баҳс-мунозораларга бой бўлишига сабаб бўлди.

Самарқанд Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи М.Саидов, “Самарқанд синов ва сертификатлаштириш маркази” Давлат корхонаси директори в.в.б А.Набиев ҳамда масъул ходимлар йиғилганларга учрашувнинг мазмун-моҳияти хусусида батавфсил маълумот бердилар.

 “Агентлик тизими соҳалари жуда кенг қамровли, жамиятимиздаги тармоқлар стандарт ва техник регламентлар билан тартиблаштириб борилар экан. Биз журналистларга кўпроқ шу каби маълумотларни бериб борсангизлар, аҳоли ва тадбиркорларга хавфсиз ва сифатли маҳсулот ҳамда хизматларни ташкил этишда тарғиботни оширамиз” – дейди, журналист Роҳила Очилова.

Вилоятда сифат миллий инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан белгиланган тадбирлар, мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича қилинаётган ишлар муҳокамасига бағишланган ушбу тадбир келгуси режаларни белгилаб олишга асос бўлиши билан ҳам аҳамиятлидир.