Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрда “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан “Стандартлаштириш, сертификатлаштириш метрология ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти” қайта ташкил этилди. Жорий йилнинг 25-26 декабр кунлари  институтда ҳудудий Сертификатлаштириш, стандартлаштириш ва метрология раҳбарларига “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш” ихтисослиги бўйича ўқув семинари ўтказилди.

“Ўзстандарт” агентлиги мутасадди раҳбарлари семинар иштирокчиларига Қарорнинг мазмун моҳияти унинг ижроси юзасидан келиб чиқадиган вазифаларни батафсил тушунтирдилар.

“Мажбурий сертификатлаштирилиши 2019 йил 1 январдан бошлаб фақат “Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги сертификатлаштириш органлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги сертификатлаштириш органлари томонидан амалга ошириладиган, четдан олиб кириладиган истеъмол товарлари Рўйхати” ни ўрганиш ҳамда аккредитациядан ўтадиган ташкилотларнинг вазифалари мавзусида ҳам маъруза ўтказилди. Хусусан, икки кун давом этган семинарда, ўқув семинар қатнашчилари  “2019-2021 йилларда техник регламентларни ишлаб чиқиш Дастури”, Қарор билан тасдиқланган “Йўл харитаси” га асосан  соҳада ахборот – коммунакация технологияларини жорий этишни кенгайтириш ҳамда “Синов ва ўлчаш базасини такомиллаштириш бўйича лойиҳалар рўйхати” ни ўрганиш мавзуларида ҳам маърузалар тингладилар.

Семинар якунида худудий марказ раҳбарлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилар томонидан тўлиқ  жавоб олдилар.