Жиззах Политехника институти конференциялар залида Жиззах ССМ-ДК мутахассислари ташкилотчилигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4059-сонли “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори моҳияти юзасидан тадбир ташкил этилди. Унда 60 дан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари шунингдек, семинарга таклиф қилинган вилоят божхона бошқармаси, вилоят савдо саноат уюшмаси, вилоят ДСЭНМ, карантин инспекцияси вилоят бўлими мутахассислари иштирок этдилар.

Анжуманда Жиззах ССМ-ДК директори Азиз Холмирзаев қарор ижросини таъминлаш борасида сўз юритди. У ўз чиқишида 5-иловада келтирилган рўйхатга мувофиқ олиб кириладиган истеъмол товарларини мажбурий сертификатлаш фақат Агентлик тизимидаги сертификатлаштириш органлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази томонидан янгидан аккредитация қилинган бошқа сертификатлаштириш идоралари томонидан амалга оширилиши ҳамда мувофиқлик сертификатларини расмийлаштиришда такрорланувчи синовлар ўтказилиши тақиқланиши ва сертификатларни беришда, идоравий бўйинсинувидан қатъи назар белгиланган тартибда аккредитация қилинган лабораториялар томонидан ўтказилган синовларнинг ижобий натижалари асос деб қабул қилинишини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг Жиззах ССМ-ДК сертификатлаштириш бўлими бош мутахассиси Зохир Йўлдошев, физик-кимёвий синов лабораторияси бошлиғи в.б. Фахриддин Шукуров, метрология бўлими бошлиғи Ғулом Маннонқулов ва СМТ бўлими бошлиғи Бахтиёр Маҳмудовлар ўз маърузалари билан Қарор моҳиятлари бўйича семинар қатнашчиларига батафсил маълумотлар бериб ўтдилар.

Маълумотларда келтирилишича, соддалаштирилган тартибда олиб кириладиган товарларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш, шунингдек уларнинг мақсадли ишлатилишига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари масъул ҳисобланади.

Шунингдек, соддалаштирилган тартибда олиб кирилган товарлар импорти тўғрисида идоралараро ахборот алмашинуви воситаси орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ва Агентликка маълумот тақдим этади.

Семинар жараёнини ёритиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари жалб қилинди.