Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4059-сонли Қарорига мувофиқ, хорижий тажрибалардан кенг фойдаланиш мақсадида халқаро ташкилотлар  билан алоқалар ўрнатилмоқда.

Шу билан бирга, маҳсулотларнинг мувофиқликни баҳолашда қўлланиладиган синов баённомаларни, сифат сертификатларини чет мамлакатларда тан олинишини таъминлаш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан хорижий давлатларнинг нуфузли мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги идораларнинг тажрибаларини ўрганиш ва икки томонлама ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш вазифалари белгилаб олинган.

Жорий йилнинг 1 апрел куни “Ўзстандарт" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси вакиллари  иштирокида Германиянинг “TUV Thuringen e.V” ташкилоти билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда, Ўзбекистон Республикаси ва Германия ўртасида ишонч, ҳамкорлик ва манфаатдорликка асосланган стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, Германиянинг “TUV Thuringen e.V” ташкилоти билан ҳамкорликда мувофиқликни баҳолаш бўйича синов лаборатория ва сертификатлаштириш идорасини ташкил этиш ва икки томонлама ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш масалалари муҳокама этилди.