Медиатур иштирокчилари дастлаб Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази қошидаги синов лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Оммавий ахборот воситалари ходимлари маҳсулотларни синаш жараёнлари ва унга сертификатларни расмийлаштириш, тадбиркорлар учун яратиб берилаётган имкониятлар кўлами борасидаги ишларнинг ҳолатидан хабардор бўлдилар.

Таҳлил натижаларига кўра, биргина марказнинг сертификатлаштириш идораси томонидан 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 1624 та мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилиб берилгани ва жорий йилнинг шу кунга қадар сертифкатлаштириш жараёнларида жами 478331.437 минг сўмлик (буғдой уни, кунгабоқар мойи, гипс ва шағал маҳсулотлари) яроқсиз деб топилгани маълумот ўрнида таъкидланди.

Шунингдек, марказ томонидан аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликлар яратиш мақсадида вилоятнинг Ғиждувон, Қоракўл ва Ромитан туманларида маиший газ, электр ва сув ўлчагичларини давлат қиёслов кўригидан ўтказиш учун шаҳобчалари фаолияти йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

 Медиатур иштирокчилари вилоятдаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам бўлиб, марказ билан ҳамкорликда йўлга қўйилган ишларнинг кўлами билан танишдилар.

ОАВ ходимлари иштирокида марказ директори Абдураҳмон Мухторов томонидан халқаро сифат тизимларини жорий этган корхоналарга сертификатлар ҳам топширилди.