Жиззах синов ва сертификатлаштириш маркази ташаббуси билан ҳудуддаги корхоналарда янги инвестиция лойиҳалари, инновацион ғоялар билан танишиш ва тажриба алмашиниш юзасидан очиқ давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4059-сонли қарорининг моҳияти борасида ҳамда тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш, соғлиқни сақлаш, маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини, вилоятдаги корхоналар экспорт салоҳиятини ошириш борасида аниқ тадбирлар белгилаб олинганлиги таъкидланди. Жумладан, мувофиқликни баҳолаш натижаларини халқаро тан олинишини таъминлаш мақсадида халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш ишлари давом эттирилиши, амалдаги стандартларнинг халқаро нормалар билан уйғунлашув даражаси уч йилда 47 фоизга етказилиши таъминланиши, жорий йилнинг ўзида 12 та техник регламентлар ишлаб чиқилиши айтилди.