Барча соҳалар қаторида миллий стандартларни халқаро талаблар билан уйғунлаштириш борасида ҳам бир қатор янгиликлар, ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Мана шундай халқаро талабларга мувофиқлиги таъминланган стандартлардан бири ISO 15189 стандарти қабул қилиниши борасида ишларнинг бошланганидир.

Хўш, ISO 15189 стандарти нима ва бу стандартнинг қабул қилиниши аҳоли учун қандай енгилликлар яратади?

Ҳаётимиз биз кутмаган турли хил тасодифларга тўла. Бир куни саломат, қушдек енгил юрсак, эртасига соғлигимиз бир оз панд бериб қолиши мумкин. Айтайлик мана шундай ҳолат биз ўз уйимиздан олисда юрганимизда содир бўлди дейлик. Бундай ҳолатларда аввало шифокорга мурожаат қиламиз ва биринчи қиладиган ишимиз тиббий таҳлил топширишдан иборат бўлади. Биз таҳлил натижаларини олиб, вазият тақозоси билан ўз шаҳримизга келиб шифокорга натижаларини кўрсатсак, у бу натижаларни тан олмайди. Табиийки, биз қайта анализ топширишга мажбурмиз. Минг афсуски, вақтимиз ва нақдимизни ўғирлайдиган бундай ҳолатларга кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз.

ISO15189 стандарти қабул қилиниши тиббий ташҳислар қўйилишида мана шундай оворагарчиликларни олди олинишига сабаб бўлиши кўзда тутилган. Яъни бир мамлакатнинг турли жойларида ташхисдан ўтганда беморга бир хил стандартда ташхис натижалари кўрсатилиши ва бир лабараторияда тақдим этилган ташхис натижаси иккинчи ҳудудда ҳам тан олинишини таъминлайди.

Ушбу стандарт дунё мамлакатларида кенг тадбиқ этилиб, ISO/IEC 17025 ва ISO 9001га асосланган, ҳар бир мамлакатда тиббий лабораторияларнинг махсус норматив ҳужжатлари ёки талаблар бўйича малакали ходимлар билан таъминланиши, лабараторияларда сифатли ва ўта аниқ ташхис қўйилиши, тиббий лаборатория хизматларининг хавфсизлиги таъминлаб, хизмат қилиш сифат даражасини ва этикаси учун муайян талабларни белгилайди.

Тиббиёт лабораторияси хизматлари беморларни текшириш, уларга маслаҳат бериш, касалликларга ташхис қўйиб, даволашга тавсиялар бериши эмас балки касалликларни олдиндан аниқлаб олишга ҳам хизмат қилишлари лозим. Шунингдек, ҳар бир лаборатория ўз ходимларига илмий тадқиқотларда малакасини оширишга имкон яратиб бериши керак. Ушбу стандарт барча умумэътироф этилган тиббиёт лабораторияларида тартибни таъминлашга мўлжаллаб ишлаб чиқилган бўлиб, клиник физиология, тиббиёт визуализацияси ва тиббиёт физикаси каби бошқа хизмат турлари ходимларига ҳам иш-фаолиятига ҳам татбиқ этилади.

Бундан ташқари, ваколатли органлар тиббиёт лабораторияси қанчалик талабларга жавоб бераётганини баҳолашда ушбу стандартдан асос сифатида фойдаланишлари мумкин.

 Бу дегани келажакда жойларда ушбу стандартни кенг қўлланиши аҳоли учун тиббий таҳлил ва кўрик натижалари борасида муаммоларнинг олдини олишга ёрдам беради.