Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасида мувофиқликни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш, синов лабораториялари комплексини ривожлантириш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда “Ўзстандарт” агентлигининг:

“Ўзстандарт” агентлигининг “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасини 2020 йил 1 январдан “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат корхонасига (“UzTest”) айлантириш ҳамда унинг муассиси этиб Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институтини белгилаш;

“Ўзстандарт” агентлигининг “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси вориси этиб “UzTest” давлат корхонасини белгилаш;

Тошкент шаҳрида халқаро ташкилотларнинг (ISO, IEC, UNECE, EN CODEX STAN) стандартлари, талаб ва меъёрларига мувофиқ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, электротехника, енгил саноат, машинасозлик, қурилиш, полимер ва кимё саноати маҳсулотлари ҳамда юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг синовларини тўлиқ амалга оширадиган замонавий синов ва назорат лабораторияларидан иборат “UzTest” давлат корхонасининг Синов ва назорат комплексини ташкил этиш;

“Ўзстандарт” агентлигининг ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари давлат корхоналарини тугатиш;

тугатилаётган ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказларининг бино ва иншоотлари, лабораториялари ҳамда моддий-техника воситалари негизида “UzTest” давлат корхонасининг ҳудудий филиалларини, “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Мувофиқликни баҳолаш тизимини такомиллаштириш, синов ва калибрлаш лабораторияларини ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.

“UzTest” давлат корхонасининг Синов ва назорат комплекси томонидан ўзлаштириладиган маҳсулотларни синовдан ўтказиш йўналишлари тасдиқланади.

Қуйидагилар “UzTest” давлат корхонасининг Синов ва назорат комплексини ташкил этиш, технологик асбоб-ускуна билан жиҳозлаш ва модернизациялаш ишларини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги “Жаҳон банки иштирокида Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширишда қўшимча тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3790-сон қарорига мувофиқ Жаҳон банки томонидан 25 йил муддатга йиллик 2 фоиз ставкада ажратиладиган 11,6 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағ;

UNI Credit Bank (Чехия) томонидан 7 йил муддатга йиллик 2,1 фоиз ставкада ажратиладиган 3,88 млн евро миқдоридаги маблағ;

халқаро молия институтларининг грантлари, имтиёзли кредитлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгиланишича, “UzTest” давлат корхонасининг Синов ва назорат комплекси таркибидаги синов лабораториялари маҳсулот синовларини амалга ошириш билан бирга “Ўзстандарт” агентлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Давлат санитария-эпедимиология назорати марказининг буюртмалари (иш режалари)га асосан давлат назорати билан боғлиқ синовларни (ўсимликлар карантини хизмати ва фармацевтика маҳсулотлари бундан мустасно) амалга оширади.

Белгилаб қўйилишича, 2020 йил 1 январдан:

аккредитация қилинган синов лабораториялари маҳсулот синовларини “Ўзстандарт” агентлиги расмий сайтида жойлаштирилган синов дастурлари асосида ўтказади;

бир турдаги маҳсулотга нисбатан тасдиқланган синов дастурини иккита ва ундан ортиқ хусусий синов лабораториялари тўлиқ халқаро талаблар асосида ўзлаштирган ва ҳудудлараро таъминланган тақдирда, давлат органлари тизимига кирадиган синов лабораториялари томонидан мазкур маҳсулотнинг синови фақат давлат мониторинги ҳамда назорати мақсадларида амалга оширилади;

маҳсулот сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи рухсат берувчи ҳужжатлар ва мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш идоравий бўйсунувидан қатъи назар аккредитация қилинган синов лабораторияларида ўтказилган ижобий синов натижаларига асосан амалга оширилади;

аккредитация қилинган синов лабораториялари халқаро стандартларга асосан янги синов услубларини ўзида жорий этса, уч ой ичида аккредитация доирасини кенгайтириш мажбуриятини олган ҳолда ушбу услуб бўйича мувофиқликни баҳолаш ишларини амалга оширишларига рухсат этилади. Бунда, янги синов услубларини қўллашга аккредитация соҳасини кенгайтириш учун белгиланган тартибда тақдим этилган буюртма асос бўлади;

мувофиқлиги тасдиқланиши шарт бўлган маҳсулотлар синовини амалга оширмайдиган ва ташкилотларнинг ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ташкил этиладиган синов лабораторияларини аккредитация қилиш ўрнига уларнинг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш тартиби жорий этилади. 

Бунда, мазкур бандда назарда тутилган қоидалар ўсимликлар карантини хизмати ва фармацевтика маҳсулотларига татбиқ этилмайди.

Kun.uz