2019 йил 29 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор моҳиятини кенг жамоатчиликка тўлақонли етказиш ҳамда мавжуд имкониятлар ва кутилаётган натижаларни муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 7 август куни Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Қарорнинг асосий мақсади мамлакатнинг агросаноат тизими мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ички имкониятлар асосида интенсив агросаноат тизимини ташкил қилиш ҳамда озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришдан иборат.

Шунингдек, мазкур қарорга асосан “Ўзстандарт” агентлигининг республика ҳамда Наманган ва Самарқанд ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари ҳузуридаги синов лабораторияларини тўлиқ модернизация қилиш ва янги ускуналар билан таъминлаш, озиқ-овқат соҳасида 726 та халқаро стандартларни жорий қилиш каби чора-тадбирлар белгиланмоқда.