Матбуот анжуманида ОАВ ходимларига Агентлик томонидан истеъмол маҳсулотларининг мувофиқлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш, истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини кўзлаган ҳолда уларни сифатли, ва атроф муҳит учун хавфсиз бўлган маҳсулотлар билан таъминлашнинг долзарблиги  юзасидан маълумотлар берилди.

Давлат Божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Истеъмолчиларнинг Ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси  масъуллари иштирок этган матбуот анжуманида таъкидланганидек, Республикамизга  белгиланган меъёр талабларига номувофиқ, сифатсиз ва сохталаштирилган маҳсулотларнинг кириб келиш ҳолатлари мавжуд.

 

 Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида импорт маҳсулотларини сертификатлаштириш жараёнида жами миқдори 2,9 млрд. сўм бўлган 14 турдаги маҳсулот бўйича 20 ҳолатларда белгиланган меъёрларга номувофиқлиги аниқланган.

Савдо нуқталарида сотиладиган маҳсулотларни тўлиқ синовлардан ўтказиш бўйича 2018 й. ўтказилган тадбирлар борасида ҳам импорт ҳам маҳаллий болалар ўйинчоқлари, болалар пойафзаллари, қуюлтирилган сут, пишлоқ, колбаса ва музқаймоқ намуналари белгиланган талабларга номувофиқлиги аниқланди.

 

Ўтказилган синов натижаларига кўра, болалар ўйинчоқлари ва болалар пойафзаллари формалдегид миқдори бўйича номувофиқ бўлиб, миқдори 0,031 mg/m3 ташкил этган, бу эса белгиланган нормадан 10 баробар юқори. Пойафзал намуналари “таглик маҳкамланишининг мустаҳкамлиги” ва “пойафзалнинг эгилувчанлиги” кўрсаткичлар бўйича нормаларга номувофиқ, пойафзалнинг ички қисми синтетик материалдан бажарилган, бу белгиланган нормаларга номувофиқ бўлиб, болаларда тери ва ортопедик касалликларга олиб келади. Қуюлтирилган сутда шакар кристалларининг рухсат этилган нормалари ошиб кетган ва юқумли ичак касалликларини келтириб чиқарадиган “ичак таёқчалари” аниқланган.

 

 Матбуот анжумани давомида ОАВ ходимлари мавзу юзасидан кўплаб саволларига жавоб олдилар.