“Ўзстандарт” агентлиги ва унинг тизим ташкилотларида жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён – сайловлар юзасидан “Сайлов қонунчилиги тарғибот тадбири” ташкил этилмоқда. 
Мазкур йиғилишларда сайлов ва уни ўтказиш тартиблари, сайлов жараёни ва бошқа масалалар бўйича батафсил маълумотлар берилмоқда.
Агентликнинг марказий аппарати ходимлари иштирок этган йиғилишда Марказий сайлов комиссияси сайлов қонунчилиги ўқув маркази директори, юридик фанлари доктори, профессор Шуҳрат Файзиев иштирок этиб, мавзу юзасидан батафсил маълумот берди.
Ш.Файзиев ўз нутқида бутун республика бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилгани, сайлов участкалари ҳақида маълумотлар бир базада жамланиши, сайлов комиссияси аъзолари махсус тайёргарликдан ўтиши ҳамда имконияти чекланган фуқаролар учун шароитлар яратилганлиги ва бошқа янгиликлар тўғрисида маълумот берди. 


Республика синов ва сертификатлаштириш маркази ходимлари учун ташкил этилган Сайлов олди тадбирга “Ўзстандарт” агентлиги Юридик бўлим бошлиғи Шерзод Уринов иштирокчиларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ҳамда шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловнинг мазмун-моҳияти, “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонуни, шунингдек, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари бўйича атрофлича тушунчалар берилди.


Очиқ мулоқот тарзида ўтган тарғибот тадбирларда иштирокчиларнинг кўплаб саволларига мутахассислар батафсил жавоб берди.