Клеменс Санетра — Германия Федерал физика-техник институти сифат инфратузилмаси ва метрология умумий масалалари бўйича  халқаро эксперти:

— Техник тартибга солиш ва стандартлаштиришнинг асосий фарқларига тўхталиб жоиз.  Яъни техник тартибга солишда давлатнинг роли кўзга ташланади, яъни тегишли қонунчилик яратилади ва унга риоя этилиши устидан назоратни ўрнатади. Стандартлаштиришда эса давлат ҳам масалан бизнес ёки истеъмолчилар қатори манфаатдор иштирокчи томонлардан бири ҳисобланади. Натижада бу ерда консессус пайдо бўлади. Стандартлаштириш идорасининг бу ердаги вазифаси томонларнинг консессусга келишини таъминлашдан иборат бўлади. Техник тартибга солиш мажбурий, стандартлаштириш эса ихтиёрий ҳисобланади.  Масаланинг иккинчи томони маҳсулот ёки хизматларнинг хавфсизлиги ва сифати билан боғлиқ. Бунда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан давлат уларни тартибга солиши керак. Стандартлаштириш идорасининг бу борадаги ўрни қандай бўлади?  Германияда техник тартибга солиш ишлари ҳар бир соҳанинг эгаси бўлган идора томонидан олиб борилади. Стандартлаштириш  жараёни  кўпгина Европа Иттифоқи мамлакатларида давлат ва хусусий  ташкилотлар томонидан амалга оширилади ва  баъзида давлат кўмагини олиши мумкин. Ҳар бир соҳа бўйича тегишли давлат органи томонидан самарали техник регламентлар ҳаётга татбиқ этилса,  мамлакатда техник жиҳатдан тартибга солишнинг мажмуаси яратилади. Бунда ҳар бир йўналишга оид халқаро ташкилотларнинг тегишли тавсиявий характердаги кўмаги берилиши мумкин. Муаяйн мамлакат давлат идоралари эса бу тавсияларни ўрганган ҳолда улардан фойдаланишлари мумкин.

Йован Йекич -  халкаро савдо хуқуқи бўйича USAID  эксперти:

Техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштиришнинг  амалиётда бир-биридан тубдан фарқ қилишини миллий қонунчиликда акс эттириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бу тизим нафақат илғор тажриба, балки Жаҳон савдо ташкилоти талабларидан бири ҳисобланади. Ҳозир Ўзбекистонда бу соҳада тўртта қонун мавжуд бўлиб, уларга тегишли ўзгартиришларни киритиш ёки унификациялаш мақсадга мувофиқдир. Бу борадаги такрор жараёнларни, икки ёқлама ёндашувни бартараф қилиш даркор. Айрим мажбурий стандартларни  техник жиҳатдан тартибга солишга айлантириш, вақти келиб уларнинг ҳам ўз-ўзидан ихтиёрийга айланиши учун шароит яратиш фойдадан холи бўлмайди. Буларнинг барчаси албатта қонунчиликда ҳам ўз ифодасини топиши лозим.

Оливер Диттхардт- Германия Федерал физика-техник институти  ҳудудий лойиҳаси координатори:

Ҳамкасбларим томонидан тушунтирилган тажриба Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатларнинг барчаси амалиётида қўлланилади. Унинг моҳияти шундаки, маҳсулот ва товарларнинг хавфсизлиги билан  сифати ўртасида фарқ бўлиш керак. Чунки, бу иккисини бир нарса деб қараш нотўғри. Маҳсулот хавфсиз бўлиши мумкин, лекин у сифатли эмас. Бу эса истеъмолчи ҳуқуқи билан бевосита боғлиқ. Дунё ҳамжамиятига интеграциялашаётган ва  Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб киришга ҳозирланаётган Ўзбекистон учун миллий стандартларни халқаро талабларга мослаштириш масаласи долзарбдир. Стандартлаштириш бу пастдан юқорига қараб кетиши керак бўлган жараён. Бунда ишлаб чиқарувчилар, бизнес вакиллари билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг фикрларини ўрганиш ва умумлаштириш, халқаро стандартларни таржима қилган ҳолда уларнинг тарғиботини йўлга қўйиш  муҳим аҳамиятга эга. Бизнинг ташкилотимиз  минтақавий лойиҳа доирасида  мамлакатингиз билан ҳамкорлигимиз  айниқса кейинги икки йил давомида фаоллашиб бормоқда. Кейинги уч йил давомида алоқаларимиз йўналишларини ҳам белгилаб олдик. Шу боис  метрология, стандартлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш юзасидан мутахасислар  билими ва малкасини ошириш бўйича  ҳали кўплаб тадбирларни ўтказишни режалаштирганмиз.