“Ўзстандарт” агентлиги,  Аккредитация маркази  билан ҳамкорликда  маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш ишларининг ўз вақтида, сифатли ва самарали ўтказилишини таъминлаш ҳамда эпидемиологик вазият барқарор бўлгунга қадар ушбу ишлар бўйича вужудга келиши мумкин бўлган техник тўсиқларни камайтириш  мақсадида, “Маҳсулотларни ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисидаги” Қонунининг 5-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 апрелдаги “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарорининг 5-банди ва 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сон қарори, “Маҳсулотларни сертификатлаш қоидалари”нинг (рўйхат рақами 1458, 2005 йил 18 март) 15 ва 21-бандларига, Халқаро лаборатория аккредитация ҳамкорлиги (ILAC), Халқаро аккредитация форумининг (IAF) шу вазият юзасидан берилган расмий баённомаларига мувофиқ, республикада санитар-эпидемиологик вазият барқарор бўлгунга қадар қуйидаги тартибда ишларни ташкил этишни тавсия қилади:

1. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномасининг амал қилиш муддати эпидемиологик ҳолат даврида тугаган ёки тугайдиган, шунингдек ўтказилган инспекция назорати натижасида аккредитация тўғрисидаги гувоҳномаси вақтинча тўхтатилган мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан аккредитация талаблари ва шартларига риоя қилган ҳолда мувофиқликни баҳолаш ишларини, истисно тариқасида, амалга оширишни давом эттириш.

Бунда, ўтказилган инспекция назорати натижасида аккредитация тўғрисидаги гувоҳномаси вақтинча тўхтатилган мувофиқликни баҳолаш органлари инспекция назорати натижасида аниқланган номувофиқликларни белгиланган тартибда батараф этиш чораларини кўришлари лозим.

2. Аввал сериялаб ишлаб чиқарилган маҳсулотларга расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатларининг (3, 4 ва 5-чизмалар бўйича) эпидемиологик ҳолат даврида тугаган ёки тугайдиган амал қилиш муддати республикада санитар-эпидемиологик вазият барқарор бўлгунга қадар узайтирилган ҳисобланади.

Манфаатдор томонлар янгиликлар билан “Ўзстандарт” агентлиги ва “Аккредитация маркази” ДУКнинг www.standart.uz ва www.akkred.uz расмий веб-сайтлари орқали танишиб боришлари зарур бўлади.